Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОИЛА ҚУРИШ ЛОТЕРЕЯ ЭМАС

Оилада фарзанд улғаяркан, унинг ҳам оила қуриб, бахтли ҳаёт кечириши ҳақида ўйлай бошлаймиз. Йигитларнинг ота-онаси келиним яхши чиқсин деб орзу қилади. Зеро, оилада кўп нарса аёлга боғлиқ. Яхши келин йигитнинг қариндошларига қайишади. Ёмон келин ришталарни ажратишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам яхши жойдан ато этсин, дея ният қилинади. Ўз ўрнида қиз вояга етаётган хонадоннинг ҳам хавотир-у ҳадиги кўп. Борган жойида тинчисин, юзимизни ёруғ қилсин, деган ички орзулар қалбнинг бир четида чироқ ёқиб туради.

Ҳар бир ота-она фарзанди учун энг ёруғ орзулар соғиниши табиий. Турмушга тайёрланаётган йигит-қиз ҳам келажаги учун яхши жуфт топиш истагида бўлади. Афсуски, баъзан эшитаётган хабарларимиз кўнгилни хира қилади. Куёв йигирма кунлик келинчакни уриб, онаси танимайдиган ҳолга келтиргани ёки икки ойлик келинчак қариндоши билан бирга эрининг жонига қасд қилганини қандай ҳазм этиш мумкин? Бундай мисоллар кам эмас. Айниқса, ажримлар сонига қараб, яна бир ўйга толамиз. Не-не орзу-умидлар билан бунёд этилган оила қисқа вақт ичида арзимас сабаб туфайли барбод бўлиб кетаётгани кўнгилга ғашлик солади. Аслида, халқимизда қудачилик-минг йилчилик, деган гап бор. Бу қариндошлик риштаси минг йилга боғланди, энди фарзандларимиз ўзларидан кўпайишсин, дегани. Ерда икки фаришталар дуога қўл очиб туришаркан. Ерда икки гувоҳ ва фалакда сон-саноқсиз фаришталар гувоҳлигида боғланган оила устунига дарз кетишини ким хоҳлайди?
"Сен бўлмасанг бошқаси...", "Яшаб кўрай ёқмаса ажрашиб кетаман", "Тор қорнимга, сиққан кенг уйимгаям сиғади", "Ўғлим, мени десанг, хотинингни қўйиб юбор"... Хуллас, бундай нохуш гаплар қуллоққа кўп чалинган. Оиланинг муқаддаслиги шу сингари бемаъни иборалар аравасининг ғилдираги тагида қолиб кетмаяптими?
Оила лотерея ўйини эмас, таваккал қилиб кўрадиган, балки бир умрга боғланадиган ришта. Битта талоқ сўзидан Аллоҳнинг Арши ларзага келар экан. Айрим йигитлар маст ҳолида, баъзан уйидагиларнинг гапига кириб, гоҳ аччиқ устида бу гапни бемалол айтиб юбормоқда. Энг ёмони, ёшларни муросага келтириши лозим бўлган катталар, ногоҳ, ажримга сабабчи, ҳатто бош-қош бўлаётгани ачинарли.
Ёшлар оила қуришга тайёрланаркан, биз, катталар тўйни данғиллама ўтказиб, эл оғзига тушишни, харажатларга пул топишни ўйлагандан кўра, фарзандларга оила, оталик ва оналик масъулияти, оила муқаддаслиги ҳақида кўпроқ насиҳат берганимиз яхши эмасми?
Бозорга таваккал қилиб бориш мумкиндир, нарх-навога қараб харид қилаверасиз. Оила кўришда эса таваккалчилик ярамайди. Бу амалга масъулият ва яна бир бор масъулият билан ёндашиш зарур.

Манзура ШАМС,
журналист


Последнее редактирование: 02/12/2019 14:41;   Просмотров: 858
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку