Бугун туманимизда оила қадриятини англаш, ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, фаровонлигини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунки, оила жамиятнинг кичик, шу билан бирга ғоят муҳим бўғинидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” маърузасида таъкидлаганидек, “Баъзан ҳаётда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида расман никоҳдан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқиш, хотин устига хотин олиш ҳоллари ҳам минг афсуски учраб турибди”.
Жамиятда учраётган шу каби иллатларга бугун ўз вақтида, барчамиз ҳамкорликда, бир ёқадан бош чиқариб курашмас эканмиз, фарзандларимизнинг порлоқ келажаги ҳақидаги гапларимиз эртага пучга чиқиши мумкин.
Мазкур муаммолар мамлакат миқёсида ўрганилганда, таҳлил натижалари 2017 йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз миқёсида бир минг саккиз юздан кўпроқ ажрим кузатилганлигини кўрсатди. Минг афсуски, бизнинг туманда ҳам ажримлар бор.
Кўриниб турибдики, бугун мавжуд муаммоларнинг сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатлар бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш кечиктириб бўлмас вазифалардан биридир. Бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.
Юртбошимиз ёшлар орасида ҳаётни енгил-елпи тасаввур қилиш, оила муқаддас эканини тушуниб етмаслик, арзимас сабаб билан ажралишлар, бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, меҳр ва эътиборга ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолиши, қайнона-келин, эр-хотин ўртасидаги жанжаллар, ҳатто хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганига ҳам эътиборни қаратдик.
Шунингдек, ўғил-қизларни оилага тайёрлашда уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, мукаммал билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашларини таъминлаш энг муҳим масаладир. Шундай экан, нафақат ота-оналар, балки қўни-қўшни, маҳалла-куй, жамоатчилик вакиллари, имом-хатиблар ва биз, ФҲДЁ бўлими ходимлари ҳам оила масаласига янада жиддий, масъулият билан ёндашишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Зеро, оила мустаҳкам бўлса - юрт тинч бўлади.
Гулноза ЮСУПОВА, туман ФҲДЁ бўлими инспектори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.