Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОИЛА – МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўлади. Бу хусусда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:Ал-Муғира бин Шуъба р.а. айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ с.а.в. менга: «Уни кўрдингми?»- дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: «Уни кўрган, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади. Абду Дардо р.а. аёлига шундай деди: «Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз».
Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвнинг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадда жорий этилган, фойдаси бор. Пайғамбаримиз с.а.в. мўмин-мўминга фириб беришлиги, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: «Ким фириб берса, у мендан эмас», дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда,
Расулуллоҳ с.а.в.нинг ходимлари Анас бин Молик р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: «Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмаганича мўмин, комил бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.
Яна бир муҳим масала, бу қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрган. Эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирда ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган: «Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир» (Нисо сураси, 35-оят). Зеро, эр хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади. Ҳафтанинг ҳар сешанба куни туман ФХДЁ бўлимида турли мавзуларда бўлажак келин куёвлар билан суҳбат ўтказиб келмоқдаман. Албатта бу хайрли иш ўз ижобий самарасини бермоқда.
Аллоҳ таоло юртимизнинг тинч, оилаларимизнинг фаровон, фарзандларимизнинг баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин. Омин!

Б.ШАРИПОВ, Хўжа Ахрори Валий жоме масжиди имом-хатиби


Дата добавления: 20/07/2018 15:09;   Просмотров: 1032
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку