Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОҚИБАТЛИ БЎЛАЙЛИК

Инсон умри жуда қисқа бўлади. Кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган умримиз давомида нималаргадир улгурамиз, яна қайсидир ишларимиз қолиб кетади. Тайинли ишимиз бўлса-да, тиниб тинчимаймиз. Ёру-дўстлар даврасида кўп ўтирамиз.

Еттиёт бегонанинг кўнглини овлаймизу, аёлимизнинг сўзига кириб, бир уйда талашиб, тортишиб катта бўлган ака-укаларимиздан узоқлашиб кетамиз. Обрў деб бисот тахлаймиз, мол-дунё йиғамиз. Болаларимизга ақл-идрок, иймон, сабр-қаноатни қачон ўргатамиз, қачон улар ҳалолу ҳаромни ажрата олади. Ота-оналаримизга меҳр кўрсатиб, уларга намуна бўла олаяпмизми? Киши кўнгли жуда нозик. Ҳамма вақт ҳам бир-биримизни тушунамизми? Тўшакка михланиб қолган бемор ҳолидан нега хабар олмай қўйдик. Қўшнимизнинг шароити бироз оғир эканини била туриб, нега бир қошиқ овқат билан уни сийламаймиз? Ўз оиламизнинг икир-чикирларига ўралашиб қолганмиз. "Мен сендан зўр" қабилида иш тутамиз. Шукр қилиб яшашни кўпчилигимиз унутганмиз. Ўй-хаёлларимиз халққа зўр тўй бериш, ҳашаматли иморат қуриш билан банд. Оддий қурилган ўша уй-жойлар бот-бот ёдимга тушади. Ҳозиргидек қўша-қўша эмас, лекин кишининг қувонч ва ташвишларини баҳам кўрадиган меҳр-оқибат ҳукм сурган пайтлар экан у вақтлар. Авваллари сумкаларни тўлдириб эмас, атиги иккита нон билан ҳам кўнил сўраларди. Энди эса ўзимизни қийнаб кудачилик деймиз, гап-сўз қилишмасин, фарзандларимизга гап тегмасин деймиз, дастурхонимизни безаб, бор меҳримизни, куч-қувватимизни арзимас нарсаларга сарфлаймиз. Вақт қараб турмаслигини яхши биламиз. Фарзандлар улғайган сари ташвишлар ҳам ортиб боради. Ҳар томонлама пухта ўрганиб, уларга маслаҳат бериш зарур бўлибгина қолмай, ҳар қандай хулосамиз ҳам фарзандимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Уларга кўпроқ инсонийликдан, меҳр-оқибатдан, тўғриликдан сабоқ берайлик. Ака-укалар, опа-сингиллар, айрим қудалар ҳам юзкўрмас бўлиб кетишаяпти. Биз катталар шуларнинг олдини олиб меҳр ришталарини маҳкам боғлайлик. Оилада тотувликни барқарор қилиб, яхши фазилатларимиз билан намуна бўлайлик. Ўлчаб берилган умримиз давомида бир-биримиздан ширин сўзларимизни аямайлик.

Ҳидоят УМУРҚУЛОВА


Дата добавления: 02/08/2019 16:02;   Просмотров: 777
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку