Азал-азалдан халқимиз оилани қўрғонга ўхшатган. Қўрғон қанчалик мустаҳкам бўлса, ташқи куч таъсирига шунчалик бардош бера олади. Оила ҳам мустаҳкам бўлса, яъни эркак эркаклик вазифасини, аёл аёллик вазифасини қилиб, фарзандларга одоб-ахлоқ, илм, ҳунар ўргатиб, ҳалоллик, яхшилик, эзгулик ишлари билан безанган бўлса, унга ташқи муҳит таъсир эта олмайди. Бундай соғлом муҳитни юзага келтириш учун, албатта диний ақидаларга, ундаги шариат кўрсатмаларига амал қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 34-оятида "Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар) ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига)ўз мол мулкларидан сарф қилиб туришларидир" деб марҳамат қилган. Бу илоҳий кўрсатма оилада доимо тотувликни, соғлом муҳитни юзага келтиришга қаратилган. Пайғамбаримиз (с.а.в) оила ҳақида кўп кўрсатмалар берган. Термизий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади" "Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман". Муслим ривоят қилган ҳадисда "Ҳеч бир мўмин, ҳеч қайси мўмин аёлни ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ-атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин". Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса. "Киши ўз қарамоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади". Демак эркак киши оилага бош бўлиши билан бирга ўз аёлига меҳрибон, мўлойим, раҳмдил бўлиб, оиланинг тинчлиги учун баъзи хатоларини кечириб, яхшиликка, одоб-аҳлоққа даъват қилиши ҳамда оиланинг иқтисодий ҳолатини таъминлаш учун ҳалол меҳнат қилишлиги ўзининг бурчи эканлигини англаши лозим. Ҳозирги кунда баъзи эрлар ўз аёлини ҳорижга ишлашга жўнатиб, ўзи эса уйда ўтириши оилада одамийлик мезонининг бузилишига олиб келмоқда, оқибатда эса ҳар хил хунук воқеалар, оила қўрғонининг нураб тўкилишига сабаб бўлаяптию, фарзандлар тарбияси бузилиб, жиноятлар кўпаймоқда. Оила жамиятнинг бир бўлагидир. Жамиятни соғломлаштириш учун маҳаллада ҳар бир оила билан яқиндан иш олиб бориш керак. Ислом таълимотида оилали аёллар зиммасига кўп вазифалар юклатилган. Шулардан энг аввали эрига итоат этишдир. Қайси аёл эрига итоат этадиган бўлса, унинг фикрларини ҳурмат қиладиган бўлса, ўша оилада тинчлик, тотувлик ҳукм суради. Эрини ҳурмат қилган аёл, албатта фарзандларига тўғри тарбия беради. "Отанг ақлли, отанг доно, отангнинг маслаҳати билан, рухсати билан иш қилишимиз керак", деган гапларни фарзандларига сингдириб бориши лозим. Оқибатда фарзандлар ота-онага меҳрибон бўлиб улғаяди. Аксинча, отани ёмонлаган аёл оилада сўзсиз меҳрсизликни келтириб чиқаради. Шариатимиз қайси нарсани буюрган бўлса, нимадан қайтарган бўлса ҳаммаси оилада одамийликнинг устунлигини таъминлашга қаратилган. Охирги вақтларда арзимаган нарса учун оилавий ажримларнинг кўпайиши кишини ҳавотирга солади. Аксарият ҳолларда ажримлар ёш келин-куёвларнинг эмас, афсуски, қуда-андаларнинг келишмаслигидан содир бўлмоқда. Тўғрироғи,ўша оилада эркакнинг ўрни йўқлигидан юзага келмоқда. Шундай экан оилада эркак ҳурматининг ўрнини билиш оқибати фақат яхшиликка олиб келади. Яқинда туманимиз ҳокимиятида ўтказилган катта йиғинда туман ҳокимининг нутқ сўзлаши ҳаммамизнинг фикримизни жамлашга, маҳаллаларда оилавий ажримлар ва жиноят содир бўлишининг олдини олишга ундади. Бугунги кунда имом хатибларимиз маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳар бир хонадонга кириб сўҳбатлар ўтказмоқда. Ўтказилаётган тадбирларимиз доимий, самимий бўлса, албатта ҳар бир оилада тинчлик-тотувлик, одамийлик, ҳалоллик ва поклик ҳукм суради. Зеро мустаҳкам оила-ҳаёт устунидир.
Отабек БОҚОНИЙ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.