Одам савдоси-инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби жиноятлар қаторида оғир оқибатларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, бу тадбирга давлат идоралари, қолаверса, жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилмоқда.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қўламли ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик, хусусий бизнесга кенг йўл очилди. Хорижий давлатлар билан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди. Юртимиз фуқароларининг хорижий мамлакатларга бемалол чиқишлари учун имконият ва етарли шарт-шароитлар яратилди
Афсуски, айрим шахслар бундай шарт-шароит ва имкониятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, фуқароларимиз турли алдов ва фирибгарлик йўллари билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринишаётир. Бунинг оқибатида юртимиз фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айланмоқда.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, ўтган йиллар мобайнида республикамизда муайян ишлар амалга оширилди. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди.
Албатта кўрилаётган чора-тадбирлар одам савдосидан жабрланганларни нормал турмушга қайтариш, уларнинг жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигини ҳис этиб яшашига эришишда муҳим восита бўлмоқда.
Бу борада, Самарқанд ҳарбий прокуратураси прокурор-тергов ходимлари томонидан вилоят ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, чегара олди ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар иштирокида турли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2018 йил 23 март куни Ургут туманидаги 23-умумтаълим мактабида ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида, 2018 йил 31 март куни вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ҳарбий хизматчилар ва ишчи хизматчилар ўртасида «Одам савдосига қарши курашиш» мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахснинг қонун олдида жавобгарлиги муқаррардир.
О.ЎСАРОВ,
Самарқанд ҳарбий прокурори, адлия подполковниги
Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежида "Одам савдосига қарши кураш" мавзусида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Коллежнинг фаоллар залида ўтказилган бу тадбирга ўқув муассасасининг 400 га яқин педагог-ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этишди.
Кун тартибидаги масала юзасидан коллежнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Фозилов сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда аср вабосига айланган одам савдосига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг натижалари тўғрисида гапирар экан, ўқувчи-ёшларга қадриятларимизга зид бўлган бундай ғоялардан узоқ юришларини, доимо огоҳ бўлишликларини таъкидлади.
Шундан сўнг Ёшлар иттифоқи туман ташкилоти раҳбари М.Баротова , Арабхона жоме масжиди имом хатиби ўринбосари А.Бозоров, "Гулобод тонги" газетаси муҳаррири Н.Каримов, туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили, майор А.Мустафоевлар сўзга чиқиб, одам савдосига қарши кураш, диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик ҳамда бошқа диний оқимларга қарши курашиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ёш авлоднинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида қимматли фикрларини билдиришди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
Х.ҲАМРОЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.