Паст Оҳалик маҳалласида яшовчи фуқаро Хосият Очиловага
Абулбаракот Қодирийнинг бир ҳикматли гапи бор. "Хушхулқликнинг ўнта нишонаси бор. Улар қуйидагилар: биринчиси, яхши ишларда одамлар билан ҳамиша бирга бўлиш, иккинчиси, нафс кўйига кирмаслик, учинчиси, ўзгалар айбини қидирмаслик, тўртинчиси, бировдан бирор айб содир бўлса, уни яхшиликка йўйиш, бешинчиси, айбдор узр сўраса, айбини кечириш, олтинчиси, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, еттинчиси, ўзи ҳақида ўйлайвермай, бошқалар ҳақида ҳам қайқуриш, саккизинчиси, ўз айбига иқрор бўлиш, тўққизинчиси, очиқ юзлик бўлиш, ўнинчиси, хушмуомала бўлиш". Бу ҳикматли гапларни эсга олишнинг боиси, сизнинг ноўрин ҳатти-ҳаракатларингизда ана шу хушхулқликларнинг бир неча тескариси кўриняпти. Негаки, Сизнинг набирангиз Нарзуллаева Рухшона номига очилган фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 19 ноябрда 1523-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган "Фермер хўжалигини юритиш ва ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом" талабларига зид равишда ташкил этилганлигини бир неча бор тушунтирилса-да, тан олишни истамадингиз.
Сизга бир неча маротаба тушунтириш берилиб, фермерлик фаолиятини юритиш учун туман захирасида бўлган бошқа жойлардан ер ажратиб беришлик тавсия этилган бўлса-да, бошқа жойдан ер керак эмаслигини айтиб, эътироз билдиргансиз. Аксинча, ноўрин аризабозлигу шикоятбозлик қилишни афзал кўрдингиз.
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, вилоят ва туман ҳокимларига «Низоли ер масаласида» кетма-кет қилган мурожаатларингиз туман ҳокимлиги, туман қишлоқ, ва сув хўжалиги бўлими, туман Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими, туман фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, "Меҳробод агротехсервис" агрофирмаси ва бошқа ташкилотлар томонидан бир неча бор ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди: Туман ҳокимининг 2014 йил 13 январдаги 14-Қ сонли қарорига асосан Сизнинг набирангиз Нарзуллаева Рухшонага МЧ "Меҳробод агротехсервис" агрофирмаси ер харитасининг 441 контуридан жами 5.0 га (шундан; 4.9 га сувли, 0.1 га йўллар) ер майдонида ғалла, сабзавотчилик йўналишидаги "Шоҳрух чорва насл" фермер хўжалигини ташкил этиб, ер майдони ажратилган эди.
Аммо, бу фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2005 йил 19 ноябрда 1523-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган "Фермер хўжалигини юритиш ва ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом" талабларига зид равишда ташкил этилган.
2016 йил 18 январь куни вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг тақдимномасига асосан туман ҳокимининг №78-Қ-сонли яъни, туман ҳокимининг 2014 йил 13 январь кунидаги 14-Қ-сонли қарори ҳамда туман ҳокими билан "Шохрух чорва насл" фермер хўжалиги ўртасида имзоланган Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш ва фуқаро Нарзуллаева Рухшонага фермер хўжалиги юритиши учун ажратилган жами 5.0 га ер майдонларини туман захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссияси кўрсатмасига асосан туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига олинган: "Меҳробод" массиви ерлари ҳисобидаги 441, 438-контурларидан жами 5.48 га ер майдонларида фермер хўжалиги юритиш учун танлов ўтказилиши, талабгорлардан аризалар 2016 йил 11 апрелига қадар қабул қилиниши тўғрисида газетада эълон берилган. 2016 йил 6 май куни танлов ғолиби фуқаро Мирсадиков Аслиддинга фермер хўжалиги юритиши учун тумандаги МЧ "Меҳробод агротехсервис" агрофирмаси ҳудудидан туман захира ер майдонлари ҳисобидан қишлоқ хўжалик харитасининг 441-контуридан жами. 5.5 га шундан: 5.4 га суғориб ҳайдаладиган ер, 0.1 га ариқ ва зовурлар ер участкаси ғалла, сабзавотчилик ихтисослашуви бўйича 40 йил муддатга ажратиб бериш тўғрисида туман ҳокимининг №1012-Қ сонли қарори қабул қилинган ва ушбу қарор "Вилоят туманларида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят ҳокимлиги комиссиясининг 2016 йил 18 майдаги №04/3-291-сонли йиғилишида кўриб чиқилган ва 310-банди билан тасдиқланган.
2016 йил 12 май куни туман прокурори томонидан туман ҳокимининг 2016 йил 18 январь кунидаги №78-Қ сонли қарорини бекор қилиш бўйича 11/253-16-сонли протест киритилган, шунга кўра 2016 йил 23 май куни туман ҳокими томонидан "туман ҳокимининг 2016 йил 18 январдаги №78-Қ сонли қарорини бекор қилиш" ҳақидаги 1897-Қ сонли қарори қабул қилинган.
Туман захира ерлари ҳисобида бўлган МЧ "Меҳробод агротехсервис" агрофирмаси ҳудудидан қишлоқ хўжалик харитасининг 441-контуридан жами 5.5 га шундан: 5.4 га суғориб ҳайдаладиган ер, 0.1 га ариқ ва зовурлар ер участкаси туман прокурори томонидан киритилган протестдан олдин, яъни 2016 йил 6 май куни туман ҳокими қарори билан фуқаро Мирсадиков Аслиддинга фермер хўжалиги юритиш учун 40 йил муддатга ижарага ажратиб берилган бўлиб, ушбу қарор ҳозирда ўз кучида қолаётганлигини маълум қиламиз.
Юқорида қайд этилган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳақида Сизга бир неча маротаба тушунтириш берилиб, фермерлик фаолиятини юритиш учун туман захирасида бўлган бошқа жойлардан ер ажратиб бериш тавсия этилиб, бу ҳақда бир неча бор расмий ҳужжатлар, далолатномалар тузилган бўлса-да, бошқа ер керак эмаслигини айтиб, эътироз билдиргансиз. Шундан сўнг яна турли юқори ташкилотларга бир хил мазмундаги шикоятлар ёзишни давом эттираяпсиз. Бу ҳатти-ҳаракатингиз билан бир қанча идоралар ва шу жойларда ишлаётган ходимларнинг вақти бекорга кетишига сабабчи бўлаётганлигингизни англаб етмаяпсиз.
Бу шикоятларнинг ижроси фақат туман ҳокимлиги ва унинг тасарруфидаги тегишли идоралар томонидан амалга оширилишини билсангиз керак. Ушбу очиқ хат орқали ҳақ-ҳуқуқингизни яна бир бор факт ва рақамлар, қонун ҳужжатлари асосида тушунтиришга ҳаракат қилдик. Шундан кейин ҳам ноқонуний талабларингиз билан шикоят қиладиган бўлсангиз, бу мурожаатингиз қайта кўриб чиқилмаслиги, инобатга олинмаслиги ҳақида огоҳ этамиз.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.