Бизнинг мустақил Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга устувор масала сифатида қаралмоқда. Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги ишлар янги босқичга қўтарилиб ҳамма жойда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Самарқанд туман ички ишлар бўлими, жиноят ишлари бўйича туман суди, вилоят ва туман маъмурий судлар ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар иштирокида Ўрта шайх маҳалласида сайёр қабул ўтказилди. Уни мазкур ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Орзу Исмоилов очиб, ички ишлар органлари ходимлари томонидан аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, бошқа муҳим вазифаларни амалга ошириш борасида ахборот берди.
Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ўткир Мамадалиев Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърўзаси тарихий моҳияти ҳақида гапирди.
- Мўҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йилда “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида катта ишлар амалга оширилди, - деди Ўткир Абдуғаффорович, - бу ишлар Конституциямизнинг асосий тамойилларини рўёбга чиқаришда яна бир улкан қадам бўлди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. У моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.
Энг муҳими, Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлар қабул қилинди.
Бугунги кунда суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг жамиятга очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди. Шу мақсадда суд ишларини сайёр тартибда кўриш йўлга қўйилди. Туманимизда бизлар томондан жиноий иш кўришнинг 65 фоизи сайёр суд орқали амалга оширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланмоқда. Уларни тўғри йўлга қайтишлари учун яна бир бор имкониятлар берилмоқда.
Яқинда “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга биноан бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди.Бундай жиноят қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъий назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади.
Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкумни авф этиш тўғрисидаги фармон матбуотда эълон қилинди.
Мазкур фармоннинг қабул қилингани мўҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларидаги амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир.
Шунингдек, сайёр қабулда вилоят маъмурий суд раиси Ботирали Диёров, туман Кенгаши депутати Нормурод Каримов, Ўрта шайх маҳалла фаоли, халқ таълими фахрийси Муҳаммад Султонмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий ва “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Чунки, улар учун мунтазам равишда жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаш ва уларнинг ечимини топиш вазифаси мансабдор томонидан амалда таъминланиши ҳам қарз, ҳам фарздир.
Очиқ ва самимий мулоқот тўпланганларнинг савол-жавоблари билан ниҳоясига етди.
Зафар КАРИМОВ,
туман маъмурий суд раиси,
Зоҳир Ҳасанзода, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.