Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"ОЧИҚ МУЛОҚОТ" га холислик ярашади

Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг навбатдаги "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Самарқанд туманидаги сектор раҳбарлари ҳамда давлат идоралари масъул ходимлари туман аҳолисидан тушган саволларга батафсил жавоб бериш, мурожаатларни онлайн тарзда қабул қилиб, ўз вақтида ҳал этиш асосий мақсад этиб режалаштирилган эди. Иккинчи маротаба ўтказилган "Очиқ мулоқот"ни аҳоли диққат билан кузатди. Чунки ўтган галдаги мулоқотда тушган мурожаатларга туман раҳбарининг ахборотини кутдик. Туман ҳокими ўз маълумотида аниқ таҳлил ва келгусидаги режаларини баён этди. Мени журналист сифатида эътиборимни тортган янгилик - бу барча маҳаллаларда ташкил этилган "Сайёр қабул"лари бўлди. Унда ваколат ва имконият даражасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланганлиги ва ижро механизмлари ҳақида хабардор бўлдик. Аммо узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолардан аҳолини табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш, йўлларни асфальт қилиш, ижтимоий соҳага оид муаммолар борки, уларни бирданига бартараф этиш имконияти мавжуд эмас.

– "Хожа Аҳрори Валий" маҳалласида 24 йилдан буён табиий газ йўқ, – деди мурожаатчилардан бири – Бу муаммо қачон ҳал бўлади?
Сир эмас, бу саволга жавоб очиқлигича қолди. Чунки 40 дан ортиқ маҳаллаларга табиий газ етиб бормагани ҳаммага маълум-ку. Бироқ аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш йўлга қўйилган. Таажжубланарлиси, тележурналистларнинг туман ҳудудидан тайёрланган антиқа видеолавҳаси бўлди. Масалан, "Сулфакабутак" маҳалласида тайёрланган лавҳада участка милиция нозири ўзининг вилоят бошлиғи ким эканлигини билмаслиги ва шунинг учун жадвалда собиқ раҳбар исм-фамилияси ёзиб қўйилганлигини танқид қилиниши, 43-умумтаълим мактабида синфхоналар етишмаслиги, шунинг учун директор хонасида дарс ўтилаётгани тасвирга олинган. Мазкур мактаб биноси 280 нафар ўқувчига мўлжаланган, бироқ 10-11-синфлар очилиши муносабати билан дарс ўтиш хоналари етишмаяпти. Натижада ўқитувчилар ва ҳатто мактаб директори хонасида машғулотлар ўтказилаётгани танқид қилинган. Лекин туманда бу каби муаммолар бошқа мактабларда ҳам бор-ку. Вазиятдан чиқиш учун имкон излаш, бўшаётган коллеж ва лицей биноларидан фойдаланиш ёки бошқа чораларни ахтариш ўрнига муаммо қўйилди. Ахир мамлакатимизда ижтимоий соҳага эътибор нечоғлик кучайганлиги, мавжуд имкониятларни ишга солиш устида бош қотиришимиз керак эмасми? Танқидни ҳамма ҳам қила олади. Журналистик суриштирувим натижасида мазкур мактабга қўшимча синфхоналарни қуриш учун Халқ таълими вазирлигига 2020 йилда қўшимча синфхоналар қуриш бўйича таклиф киритилганлиги аниқланди.
Умуман "Очиқ мулоқот" давомида туман аҳолисининг олтмишдан ортиқ мурожаатлари тингланди. Аммо мени ҳайратга солган нарса, мухбирларнинг кўрсатув тайёрлашда фақат камчиликларни бўрттириб кўрсатишдан иборат эканлиги маълум бўлди, холос. Кейинги икки йил давомида мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришлар, халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак, деган талаб асосида қатор ижобий ўзгаришлар рўй бераётганлиги ҳақида халқимизга маълумот берилмади. Масалан, "очиқ мулоқот"да танқид қилинган бирлашган касалхона чорраҳасини олсак, ўтган йили қисқа муддат ичида мазкур жойда йўллар кенгайтирилди. Натижада автотранспорт тирбандлигига барҳам берилиб, пиёдаларга қулайликлар яратилди. Қатор таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этилди, йўллар таъмирланиб, коммунал соҳада қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Энг асосийси, раҳбар халқ ичига кириб борди, натижада давлат идораларига мурожаатлар камайиб, секторлар фаолияти такомиллашди. Менинг ҳамкасбларимдан норозилигим -улар "тирноқ остидан кир қидириш" қабилида иш кўришлари бўлди.
Келинг дўстлар, тарозининг икки палласига ҳам бир хил назар ташлайлик. Ахир нафақат Самарқанд туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам ўрганса арзигулик ижобий ишлар, хайрли ташаббуслар жуда кўп-ку! Улар ҳақида илиқ фикрлар билдирсак фойдадан холи бўлмасди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида "Барчамиз бир нарсани тушуниб олишимиз керак: яхши яшаш учун, энг аввало, яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ", деганди.
Чиндан ҳам ўтказилган мулоқот, кўзланган мақсадга эришиш учун туртки бўлди. Тўғри, камчиликлар бор, лекин улар йиллар давомида тўпланган, бугун пайдо бўлган эмас. Тумандаги секторлар раҳбарлари, фаоллар ва аҳоли иштирокида бир тану бир жон бўлиб, уларни бартараф этилишига эришамиз, деган умиддаман.
Ҳа, ҳақиқий жонкуяр ва миллатпарвар журналист ҳамиша адолат ва ҳақиқатни рўёбга чиқаришга масъул, деб ўйлайман. "Очиқ-мулоқот" ҳам шаффоф, холис ва одоб-ахлоқ меъёрида бўлмоғи, раҳбар шаъни, давлат хизматчиси шахсиятини камситмаслик инсоний фазилатлари ва мезонига риоя этиш каби принципларга амал қилинса мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Улуғ донишмандлардан Носир Хисрав шундай дейди:
Нима сўзласанг ҳам билиб сўзлагил,
Оҳиста ва юмшоқ қилиб сўзлагил.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА, журналист

Изоҳ: Ушбу мақола нашрга топшириш арафасида вилоят ҳокимлиги томонидан "Очиқ мулоқот" жараёнида берилган барча мурожаатлар назоратга олинганлиги тўғрисидаги чора-тадбирлар дастури таҳририят почтасига келиб тушди.
Мазкур дастурдаги ижроси таъминланган ҳар бир мурожаат тафсилоти бўйича ахборот туман "Гулобод тонги" газетасида галма-гал бериб борилади.


Дата добавления: 22/02/2019 11:56;   Просмотров: 804
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку