Бу қачон ва қаерда бўлганини билмадиму, лекин воқеа ёлғон эмас. "Матбуот бизга керакми, йўқми?" деган савол урчигандан урчиб, одамнинг меъдасига уриб қолган кунларнинг бирида турли газета ва журналларда ишлайдиган оғайнилар бир тадбирда учрашиб қолдик. Қуйидаги воқеани ўша куни бир ҳамкасбимиз ҳикоя қилиб берди…
Гап шундаки, газета обунаси ҳаво ҳароратининг минусга қараб пасайиб боришидек палла - октябрь-ноябрь ойларининг бирида боши қотган муҳаррир нима қилишини билмай ғаройиб тадбир ўйлаб топади. Аслида-ку бундай тадбирлар ҳар бир хонадон ва ташкилотда ора-сира учраб туради. Лекин буниси барибир бошқача бўлган.
Ходимлар йиғилади, ташкилотнинг касаба уюшмаси масалани ўртага кўндаланг қўяди: бир жонлиқ сотиб олиб, қурбонлик қилиш - "қон чиқариш" керак. Сўнг овозга қўйиш бошланади. Ҳамма рози бўлади-ю, негадир Мамарайим ака сира унамайди. Ўзи шу одам азалдан инжиқ. Нима эмиш, "газетанинг обунаси тушиб кетган бўлса, жонлиқда нима айб?". Энди бу қон чиқариб туриш мусулмончиликка тескари эмаслигини тушунтиргунча роса бир соат вақт кетади. Шундан сўнг масала қайта овозга қўйилади. "Розилар", "норозилар", "бетарафлар" аниқлангач, касаба уюшмасининг қарори қабул қилинади. Қарор қабул қилинади-ю, асосий масала - нима жонлиқ харид қилинади, у қайси пулга сотиб олинади, деган саволлар очиқ қолиб кетади. Шунда ходимлар ўзаро маслаҳат қилиб, хуллас, пул йиғишга келишилади. Шамол ўтиб турган чўнтакдан ҳамма ҳимматига яраша улуш беради, ҳатто Мамарайим ака ҳам. Санаб кўришса, битта товуққа аранг етади. "Нима қипти, товуқ ҳам жонлиқ-ку?" деган қарорга келган азаматлар тезда ишга киришади.
Оёғи чаққон икки ходим ишхона машинасининг ёқилғиси тежалсин, деб автобусда Фарҳод бозорига йўл олади. Талашиб-тортишиб бир қизил хўрозни сотиб олиб, яна автобусда ишхонага қайтишади. Ярим йўлга етганда эса томоша бошланиб кетади-ю, икки мухбир йигитнинг хижолатдан бўлари бўлади. Халтачага оёғи боғлаб жойланган хўроз озодлик истаб қолса, денг. Бир кампирнинг "жамоат транспортида хўроз олиб юришларинг нимаси?" деган дағдағаси матбуот фидойиси бўлган икки мухбирнинг ҳамиятини қўзғамаган дейсизми? Қўзғаган, нима қилсин, матбуотсиз жамият пароканда бўлишини билиб, тишини тишига қўйишдан бўлак чора тополмаган-да.
Шундай қилиб, ишхонанинг ҳовлисида "қон чиқарилади". Мусулмончиликка кўра, қурбонлик гўшти қўни-қўшни ва муҳтож одамларга тарқатилиши керак. Яна ҳамманинг боши қотган: кимга берамиз? Ўйлаб-ўйлаб энг муҳтож одам ўзлари (!) эканлигига ишонишади. Тўғри-да, ходимлар ҳали аввалги ойнинг маошини олмаган. Устига устак тушлик пайти ҳам яқинлашиб қолганини ошқозон қурғур эслатиб турса, денг. Хуллас, парранда жониворнинг гўштини тозалаб, ишхона яқинидаги ошхонага олиб боришади. Ошпаз тоға барака топсин, жуда яхши одам. Доим "э-э-э, газетчилар, келинглар!" деб очиқ чеҳра билан кутиб олади. "Газетчи"ларнинг пули йўқ пайти қарзга овқат ҳам беради. Бўлмаса катта шаҳарда ким бировга шундай ҳиммат кўрсата олади, дейсиз. Фақат Ёдгор тоға!
Ёдгор тоғага муддао айтилганида, у бажонидил рози бўлади. Бирор соатдан кейин ҳалиги оёғи чаққон икки мухбир зиппиллаганча овқатни ишхонага келтиришади ва… маза қилиб тановул қилинади. Қуръон тиловатидан сўнг, узундан узун дуо ўқилади. Дуода жумладан шундай гаплар бўлади: "Ишларимизнинг ривожини бергин, ўзинг қўллагин. Жамиятимизни жаҳолатдан, одамларимизни маърифатсизликдан, фарзандларимизни илмсизликдан ўзинг асрагин! Қаламимизни ўткир қилгин, ўқувчиларимиз биздан рози бўлсин. Обунамиз кўпайсин…"
Албатта, шундан сўнг ҳам обунанинг чўғи кўтарилгани йўқ. Бош муҳаррирлардан то мухбирларга қадар бир-икки йил олдин ўзаро "Обуналар яхшими?", деб сўрашган бўлса, бугун жимгина бош ирғаб қўйилмоқда. Савол эса ҳаммасидан ҳам даҳшатли: "Матбуот ўлмайдими?".
Хўроз-ку ҳайф кетмагандир, аммо "чиқмаган жондан умид" деб юрган анойи ҳамкасбларимизни кўриб, нима қиларингни билмай қоларкансан…
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.