Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОБУНА ЖАРАЁНИГА БИР НАЗАР

ёки Туман аҲлига очиҚ хат

Яна эски мавзу, яна кўнгилга сиғмайдиган гап, деб мақолани ўқимай қолмасангиз бўлгани. Азиз муштарий, гап шундаки қақраб ётган дашту чўлларга сув жон ато этса, одамзодга озиқ-овқат, кийим-кечак, бошпана, зар-зевар қаторида билим, мутолаа, маънавият, санъат каби умрбоқий қадриятлар об-ҳаводек зарур. Шундай бўлмаганда ибтидоий жамият қобиғида қолиб кетарди инсон зоти.
Бугун ҳам бу азалий эҳтиёж бизни ўйлаш, ишлаш, курашишга ундайди, рағбат бағишлайди. Таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев таъкидлаганидек "Бойлик, куч-қудрат еча олмаган тугунни маънавият деб аталмиш инсоний фазилат ечиши мумкин". Комил маънавият енгилмас куч, муваффақият ва бахтли ҳаёт гарови эканлиги ҳар қадамда ўз исботини топмоқда. Яқинда 10-14 ёш тоифаси бўйича самарқандлик Маҳлиё Ўроқова "Ёш китобхон" Республика танловининг ғолиби деб топилгани, унга Президент совғаси - "Спарк" автомобилининг калити топширилганидан хабарингиз бор, албатта. Буни оддий тасодифий ҳолат деб қабул қилиш бефарқлик, фаросатсизлик аломатидир. Мутолаа, илм - фан, адабиёт, спорт, ҳунарга иштиёқ бор жойда бундай ютуқларга эришиш айни ҳақиқатдир.
Ўтган эллик кунлик обуна мавсумига назар ташласак, мушоҳада ва мулоҳаза юритишга арзигули фикрлар, хулосалар кам эмас. "Мажбурий обуна" тушунчасини рўкач қилиб ўзини ривожланаётган мамлакат, эл-юрт, у ёки бу касб-ихтисос талаб-манфаатларидан йироқ тутишга уринаётган, ижтимоий дахлдорлик ва ҳаётий позиция туйғуси заифлашган кишиларнинг муносабат-муомалалари, саёз қарашлари, миннат - баҳонага тўла иддаоларига нима дейсиз? Муҳтарам Юртбошимиз ёш авлод камолотига алоҳида диққат-эътибор қаратаётган бир пайтда ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада улғаётган фарзандларнинг юриш-турмуши, бўш вақти, қизиқиш-иштиёқи қадрли ота-оналаримизнинг доимий нигоҳ-назоратидами? Улар учун уйда қандай маънавий муҳит яратилган? Нури дийдалари нима билан банд? Зурриётлари сиймосида, дунёқарашида, хатти-ҳаракатида ижобий сифатлар қай даражада? Обуна деганда фақат газета ё журнал олиб ўқиш керак, деган фикрдан йироқмиз. Муҳими, ҳар бир оилада чинакам жўшқинлик, нур -зиёга тўла маънавий ҳаёт барқарор бўлишини истаймиз. Хонадон сарвари, ота-она, келин, қайнона, ўгил-қиз, невара ва эваралар орасидаги ибратли муносабат, иззат-ҳурмат, шарқона донишмандлик, ахлоқ-одоб ришталари ҳам миллий анъаналаримиз дурдонасидир. Қўшни ва қариндош-уруғлар, қуда-андалар билан аҳил-иноқ яшашга нима етсин. Оилани мол-дунё, дабдабали уй-жой, ҳашаматли тўй-маросим билан эмас, айнан юксак маънавият, турмуш маданияти, самимият ва олижаноблик, камтарлик ва қаноат, ҳалол меҳнат ва юртпарварлик, садоқат ва меҳр-оқибат билан кўкларга кўтариш, шон-шуҳратга буркаш керак. Бугунги замон ва жамият ҳар бир кишидан ҳушёр ва доно, фозил ва ишбилармон, эпчил ва элпарвар бўлишни хоҳлайди. Ислоҳотларнинг шиддатли суръати соҳалардаги ҳар қандай моҳир раҳбар, етук мутахассисни шоширтириб қўймоқда. Инновацион ғоялар ва технологиялар сир - синоати бугунги ўқитувчи, шифокор, муҳандис, меъмор, тадбиркор, фермер каби юзлаб касб эгаларини ҳайрат ва ғайрат отига миндирди.
Кенг кўламли ўзгаришлар, мислсиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-руҳий эврилишлар сурат ва сийрат, қалб ва тафаккуримизга ўз муҳрини босмоқда, аёвсиз ўз ҳукмини ўтказмоқда. Ўзгаришимиз кераклигини талаб этмоқда.
Бир рақамга эътибор беринг. Туманимизда бугун қарийб 43 минг хонадон мавжуд. Аҳоли сони 246 мингдан зиёд. Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг нашри - "Гулобод тонги" газетасига 2019 йил учун бугунгача обуна бўлган ҳуқуқий ва жисмоний шахслар, яъни муштарийлар сони 1300 нафарни ташкил этмоқда.
Демак, жами аҳолининг 0,5 фоизи, хонадонларнинг 3 фоизи газетамизни янги йил бошидан ўқийдиган бўлди. Аммо...
Жойлардаги туркум учрашув - мулоқотлар, катта-кичиқ йиғилишларда билдирилган фикрлар, мурожаатлар, хат ва шартномалар, берилган ваъдалар натижа беради, деган умиддамиз.
Олдимизда яна 10 кун вақт бор. Мутлақо обуна бўлмаган ташкилот ва корхоналар, маҳалла ва тадбиркорлик субъектлари, айрим давлат органлари ва фермер хўжаликлари, муҳтарам депутатлар ва хусусий дорихоналар, сиёсий партиялар ва меҳнат жамоаларини ном-баном тилга олишни ўзимизга эп кўрмадик. Эътирозимиз шубҳасиз ўз эгасини топади. Туман ҳаётини тўлақонли юқори сифат ва мазмун-мундарижа билан ёритишга жазм этган таҳририят олдида мураккаб синов, қатъий ва долзарб талаблар борки, булардан мардонавор ўтишда ҳар бир ходим ҳозирдан шай бўлмоғи зарур. Энг аввало, халқ ва муассис ишончини оқлаш, муштарий-истеъмолчи талаб-эҳтиёжини қондириш, давр руҳи, ҳаёт жараёни билан ҳамоҳанг-ҳамқадам бўлиш ниятидамиз.
Туманимиз шон-шарафи, тарихномаси, сўз минбари, мусаффо кўзгуси бўлган нашримизни ҳимоялаш, қўллаб-қувватлаш ҳар биримиз, ҳаммамизга боғлиқ экан, қиска вақтдан унумли фойдаланиб, ўз газетангизга обуна бўлишни унутманг, азизлар!

Н.КАРИМОВ


Дата добавления: 21/12/2018 11:25;   Просмотров: 864
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку