Туман ҳокими Ш.Жамолов аҳолининг яшаш шароити, мавжуд муаммоларини ва ҳудудда ободонлаштириш ишларининг борилишини ўрганиш мақсадида, 3-секторга қарашли Қуйи Қайнама ва Юқори Қайнама маҳаллаларига ташриф буюрди.
Мазкур ҳудудларни ўрганиш, хусусан, аҳоли билан ўтказилган суҳбат давомида, айрим аҳоли хонадонларида томорқаларга экинлар экилмаганлиги, ариқлар тозаланмаганлиги, бино-иншоотлар фасадлари оқланмаганлиги ошкор бўлди. Ободонлашириш ишларини тез кунда самарали ташкил этиш мақсадида маҳалла фаоллари ва туман ташкилотларига хонадонлар бириктирилди.
Айрим фуқаролар, Юқори Қайнама маҳалласида яшаб келаётган фуқаро О.Муродовга нисбатан шикоят ва эътирозлари борлигини айтишди. Мутахассислар томонидан ўрганилганда ҳақиқатан ҳам О.Муродов барпо этган савдо дўкони туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини қалбакилаштириш асосида ғайриқонуний қурилган. Ноқонуний деб топилган мазкур бино бузиб ташланди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида, "ALIEV QADIM UZUMZORLARI" фермер хўжалигига тегишли бўлган 0.5 га ер майдонини ҳам фуқаро О.Муродов ўзбошимчалик қилиб девор билан ўраб олган. Кейинги 7 йил давомида ноқонуний тарзда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, қурилган девор О.Муродов ҳисобидан мажбуран буздирилди ва унга ер майдонини фермер хўжалигига қайтариб бериш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш борасида огоҳлантириш хати юборилди.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.