Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОБОД ТОМОРҚА-ФАРОВОН ТУРМУШ ГАРОВИ!

Жойларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, юқори даромад берадиган экинларни экилишини таъминлаш, зарур моддий-техника ресурсларини етказиб бериш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бу борада жойлардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, давлат идоралари зиммасига бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилган.

Айни мақсадда туманимизда ҳам туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Норов бошчилигида штаб ташкил этилиб, унга томорқачиликни ривожлантириш ва экин экишни бевосита назоратга олиш, зарур бўлганда кам таъминланган оилаларга экин экишга ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилди.
Шу ўринда савол туғилади: хўш бу саъй-ҳаракатдан мақсад нима? Ахир Самарқанд тумани шундоқ ҳам сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик соҳасида бутун республикамизга машҳур туман-ку, уйма-уй юриб одамларга яна бир маротаба томорқа ишларини ташкил этиш зарурмикан?
Албатта, туман аҳолисининг, заҳматкаш деҳқону-фермерларимизнинг, тунни-кунга улаб меҳнат қиладиган тадбиркор халқнинг шижоати таҳсинга сазовор. Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда туманда яшовчи фуқаролар орасида, номигагина ер участкасини олиб, уни қадрига етмайдиганлар, сув йўқлиги ёки маблағи етишмаслигини рўкач қилиб, меҳнатдан қочиб юрганлар борлиги ҳақиқат. 0,06 га ва ундан ортиқ ҳовлиси бўлган хонадонлар борки, на бир дарахт ёки на экин эккан!
Кам таъминланган, ёки боқувчисини йўқотган оила деб, давлатимиз томонидан қанчадан-қанча оилаларга моддий ёрдамдан тортиб, уй-жойини таъмирлаш ва ҳаттоки тиклаб бериш каби беғараз ёрдамлар бериляпти. 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фуқароларга баҳоли қудрат уй-жой олишда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Лекин, қўл-оёғи бутун, тоғни урса талқон қиладиган ўғиллари бўлган баъзи оила ва хонадонлар борки, катта-катта томорқаси бўла туриб, ҳар қаричи олтиндан ҳам қиммат ердан умуман фойдаланмасдан, яна давлат идораларига моддий ёрдам берилишини сўраб, мурожаат қилишади. Қишлоқда яшаб, каттагина экин экиладиган ер майдонига эга бўла туриб, рўзғорига, биринчи навбатда, зарур бўлган оддий кўкатлардан бошлаб, бошқа сабзавот маҳсулотларигача йил давомида бозордан харид қилаётганларни кўриб афсусланасан киши.
Давлатимиз мустақилликка эришгач, жуда кўплаб чет давлатлардан маҳсулотлар, хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳам мамлакатимизга кириб келиши кўпайди. Бу албатта яхши, мустақиликкача аҳоли томонидан "эшитилган" лекин татиб кўрилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари кириб келди. Лекин, ўзимизда етиштириладиган сабзавот, полиз, узум, боғдорчилик маҳсулотларига ҳам чет давлатларда қанчалик талаб катта эканлигини биламизми?!
Шундай экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириб, авваламбор, ўзимизнинг халқимизга етарли қисмини маҳаллий бозорга сотиб, сўнг чет давлатларга керакли ва зарур бўлган маҳсулот турлари етиштириб, экспорт ҳажмини оширсак, бу ҳам келгусида жамиятимиздаги ижтимоий ва иқтисодий юксалишга катта туртки бўлишини ҳар биримиз тушунишимиз даркор.
Дарҳақиқат, туманимизда бу борада ўрнак бўладиган бир қатор маҳаллалар жуда кўп. Масалан, Деҳнав, Шўрбойи, Қумзор, Даштисўхта, Найзатепа ва яна ўнлаб маҳаллалар аҳолиси орасида фақат бугуннимас, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб, жондан азиз фарзандлар камолини, ўқиш, иш ва қолаверса, бахту-саодатини кўзлаб томорқа ер майдонларида тинмасдан меҳнат қилаётганлар бисёр. Улардан ибрат олса арзийди.

Ғ.ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
тумандаги Халқ қабулхонаси мудири


Последнее редактирование: 15/03/2019 11:33;   Просмотров: 918
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку