Эл дастурхонини тўкин қилиш ниятида кеч куздан совуқни - совуқ, иссиқни - иссиқ демасдан тиним билмай меҳнат қилган туманимиз ғаллакорлари зафар маррасига етиб келишди. Деҳқончилик учун ғоят ноқулай келган бу йилги об-ҳаво шароитида буғдой ниҳолларини ўз вақтида суғориб, ўғитлаш ҳисобига далаларда мўлжалдаги ҳосил чўғини яратган олтин бошоқ ижодкорлари ғалаба рапортига имзо чекдилар. Ҳукуматимиз олдида берган ваъдаларини, яъни зиммаларидаги топшириқни ортиғи билан адо этишиб, эл олдида юзлари ёруғ бўлган туман ғаллакорлари 3390 гектар ерда мўл ҳосил етиштиришиб, давлат қабул пунктларига 9519,0 тонна сара буғдой топширишди ва бу борадаги режани 100,3 фоизга шараф билан бажардилар. Шундан 7969,0 тоннаси товар дон, 1550,0 тонна уруғлик дон ҳисобланади.
Қўлга киритилган бу меҳнат ютуғида 36 гектар ғалла майдонидан 157,4 тонна (51,4 тонна ортиқ) хосил етиштирган МЧ «Мотрид Агротехсервис» агрофирмаси ҳудудидаги «Шариф Чорва Насл» фермер хўжалиги, 3 гектар ғалла майдонидан 10,5 тонна, режага нисбатан 1,2 тонна ортиқ ғалла топшириб, давлатга дон сотиш режасини ортиғи билан бажарган МЧ «Гулобод Агротехсервис» агрофирмаси ҳудудидаги «Тоҳиржон Фаррух» фермер хўжалиги сингариларнинг ҳиссалари катта бўлди.
Кези келганда шуни айтиш керакки, жорий йил ўрим-йиғим мавсумида ғаллазорларда комбайнчи ва ўрим мавсумида иштирок этаётган бошқа ишчи-хизматчилар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Уч маҳал иссиқ овқат кўчма дам олиш қўнимгоҳлари, газета ва журналлар, шахмат-шашкагача муҳайё этилди. Дон қабул қилиш манзилгоҳларида эса иш кечаси-ю кундузи ташкил этилиб, юк машиналарининг навбат кутиб қолишларига йўл қўйилмади. Натижада 2018 йил ғалла ҳосили қисқа муддатларда, сифатли йиғиштириб олинишига эришилди. Энг муҳими, туман олтин бошоқ ижодкорларининг чўнг хирмонлари тез фурсатда чош этилди. Аммо, ҳали далада ҳосил мўл. Шу боис ўрим-йиғим суръати пасайгани йўқ. Режадан ташқари ҳосил дурдоналарини тез фурсатда йиғиштириб олишларида ғаллакорларимизга омад ва куч-қувват тилаймиз. "Хирмонингизга барака" деймиз.
Хайрулло ҲАМРО
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.