Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НУРОНИЙ – ИЗЗАТ-ЭҲТИРОМГА ЛОЙИҚ

Нуроний... Бу сўзда ҳикмат кўп, маъно беҳисоб. Нур таратувчи, зиё бағишловчи, сабоқ, маърифат, ибрат тимсоли дегани бу сўз. Ҳа, юксак донишмандлик, фаҳм-фаросат, ҳаётий тажриба, ақл-заковат, иймон, сабр, шукроналик, сабот ва матонат, маънавият ва бағрикенглик каби олий тушунчалар нуроний ёшидаги инсонларга ярашади, шукуҳ ва салоҳият бағишлайди.

Мураккаб ва синовларга бой ҳаёт сўқмоқларидан мардонавор ўтган мўътабар отахон-онахонларимиз суҳбати ҳамиша панд-насиҳатли бўлиб туюлади, кишини эзгулик, хайр-савоб ишларга ундайди, илҳомлантиради.
Ўтган ҳафтанинг пайшанба куни, айнан улуғ мутафаккир зот - Алишер Навоий таваллуд топган кунда ўтказилган “Нуроний” жамғармаси туман бўлими Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши қатнашчилар учун ҳар жиҳатдан эсда қоларли бўлди. Эрталаб туманимизнинг 40 дан зиёд ижтимоий фаол нуронийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари Хожа Аҳрори Вали ҳамда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг хоки пойларини зиёрат қилиб, Яратгандан юртимиз равнақи, тинч-омонлиги, халқимиз фаровонлиги, жипслигини тиладилар. Шундан сўнг туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида буюк зуллисонайн шоир, давлат арбоби А.Навоий ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида таниқли ижодкор А.Наимовнинг мулоҳазалари тингланди.



Туман ҳокими Б.Қодиров ўзининг кириш сўзида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-49 06-сонли Фармони ҳамда “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2705-сонли қарори мазмун-моҳияти борасида тўхталиб ўтди. Фармоннинг матни ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Баратова томонидан ўқиб эшиттирилгач, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошқаруви раиси лавозимига шу вазифада ишлаб келган Очил Алиев номзоди таклиф этилди. Номзод ҳақида фахрийлар Б.Зиёев, А.Тўрақулов ўзларининг илиқ фикрларини билдиришди. Бошқарув раиси этиб О.Алиев бир овоздан сайланди. Шунингдек, бошқарув аъзолари таркиби (17 нафар), ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ таркиби (7 нафар) тасдиқланди. 
Бошқарув раиси О.Алиев йиғилиш иштирокчиларига билдирилган катта ишонч учун самимий тилаклар изҳор этиб, барчани ҳамкорлик ва фидойилик кўрсатишга чақирди. Янги йилда янги марра ва кўрсаткичларга эришишимиз лозим, деди у.
Тадбирнинг иккинчи қисми бир пиёла чой атрофида дилкаш қўшиқлар, сермазмун ва завқли хотиралар ёди билан якун топди.

Н.КАРИМОВ
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:53;   Просмотров: 1779
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку