Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НОШУКУРЛИКНИНГ УВОЛИ БОР

Қорамазут маҳалласида яшайдурғон, тўқсонга тўқнашиб, юз сори юзланган Хайринисо момодан эксклюзив интервью

- Ҳой, момонг ўргулсин, мухбир улим, сенам момонгни бир зиёрат қилай дебсан-да. Энди сенга айтадиғон бўлсам, ёшим тўқсондан ошиб, юзга қараб ўрлади. Шу ёшга кирибам, ҳали ҳеч қачон бундай доруломон замонни кўрмадим. Раҳматли чолим билан олтмиш йилга яқин бир-биримизга тиргак, суянчиқ бўлиб ҳаёт кечирдик. Худойим бизларни фарзанддан қисди. Бирин-кетин туғилган болаларим ўзига керак экан, ҳали гўдаклик чоғларидаёқ қайтариб олди. Шундай эсада бутун умр меҳнат қилиб, бурда нонимизни ҳалол, покиза топиб едик. Бировни қўлиги қараб қолганимиз йўқ. Бобонг нариги дунёга рихлат қилиб, мени ташлаб кетганига ҳам йигирма йилдан ошди. Шу ўтган давр мобайнида беш-олтита қариндош-уруғу, ҳақ-ҳамсояларни айтмасам, биров мени бор йўқлигимни сўрагани йўқ. Бурноғи йил хотира ва қадрлаш кунида уйимга ҳокимиятданмиз дея икки-уч йигит менга бир йилга етадиган озиқ-овқат кўтариб келди. Уйимни кўриб, эҳ-ҳе момой, томингиздан чакка ўтаркан-ку, деб ёзга қолмаёқ томим шиферини янгилаб беришди, барака топкурлар. Ҳа, мухбир улим, хўп ажиб замон келди-да. Бошимизга бахт қушидек қўнган Юртбошимиз ҳаётимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Қарагина, бундан 3-4 йил бурун ҳокимият идорасига бош суқишга ботинолмайдиган одамларни эшигини бугун ҳокимнинг ўзи тақиллатиб турса-я, аҳволларинг қандай, нима муаммолар бор деб. Агар гапнинг пўсткалласини айтсам, ўзимизда ҳам айб катта, болам. Йиллар давомида дангаса, ишёқмас бўлиб, боқимандаликка ўрганиб қолган эканмиз. Мана, бизни қишлоқни олсак, раҳматли Эшмат полвоннинг тоғни урса талқон қиладурғон етти нафар барзанги-барзанги уллари бор. Улар отасидан қолган ярим гектардан зиёдроқ томорқанинг етти бурчагида, худди қалдирғочнинг ини каби уй қуриб олишган. Ҳайҳотдек ҳовли бўм-бўш, ҳувуллаб ётибди. Ўша етти бола чойхонага чиқиб, эртадан кечгача карта ўйнайди. Қиладурғон бошқа иш йўқ эмиш. Йўқ, айланай, охири ҳукумат одамлари ўзлари келиб, бунга чек қўйди. Келганлар уйма-уй юришиб, аҳволни ўрганишди. Етти ўғил полвон авлоди эмасми, ори келиб, бариси тадбиркорга айланишди, бировининг парниги бўлса, бошқалари паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик каби соҳаларда банд. Ёинки, Мастон қурмагурни олсак, бу аёл, билмадим, хеш-пешими ёки бошқами, бир ногирон фарзанди бор жувонни етаклаб, ҳоким қабулига олиб борди. Ҳоким вазиятдан келиб чиқиб, жувонни дарҳол қўпқаватли уйлардан уй-жой билан навбатсиз таъминлади, камига уйнинг бошланғич тўловини ҳам ҳомийлар кўмагида тўлаб берди. Энди эса бу хотин жувоннинг ногиронлигини пеш қилиб, уйнинг қолган узоқ муддатли тўловини беролмайди, уйни текинга беришсин деб айюҳаннос солиб юрганмиш. Яна денг, яқинда ҳокимнинг бошқа маҳаллада ўтказилаётган сайёр қабулини эшитиб, ўша ерга борганига нима дейсиз. Агар уйни текинга бермасанг, устингдан арз қиламан деб, ҳокимга дағдаға қилибди. Буни эшитиб шундай хафа бўлдим-ки, асти қўявер, болам. Ҳой инсон, Президент бизларга ҳурликни, тилимизга эркни берди деб, каллангга келган ишни қилаверасанми? Ҳозирча шунисига ҳам шукур қил, дейдиган одам йўқ. Жилла қурса, мана, Ойсаранинг ногирон қизи Жумагулдан ибрат ол, дейман унга. Унинг икки оёғи шол, бир қўли ишламай бутун умри "аравача" да ўтаётган бўлса ҳам, ори келиб, давлат берган текин уйни мен тўловини тўлайман деб банкнинг кредити ҳисобига 2 та тикув машинаси сотиб олиб, тикувчилик билан шуғулланяпти. Боз устига икки, учта ёш қизни ёнига олиб, ҳунар ўргатаяпти. Ҳа, мухбир улим, билмадим баъзи одамларда инсоф қолмаяпти-да. Ишқилиб охири бахайр бўлсин. "Яхши яшаш учун, яхши меҳнат қилиш керак" дея Юртбошимиз бот-бот такрорлаб турганларида фақат давлат қилиб берсин дейиш нечоғлик тўғри, бу уларни виждонига ҳавола. Тепада худойим ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Ҳар ҳолда ношукурлигимиз уволига қолмасайдик дейман-да. Илоҳим жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин! Юртпарвар, элпарвар раҳбарларимизни Аллоҳ ҳамиша ўз паноҳида асрасин, болам.

Хайринисо момо интервьюсини
havo.uz. сайти туман мухбири
ТоштЎҚмоҚ қоғозга туширди


Дата добавления: 12/07/2019 10:08;   Просмотров: 814
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку