Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НОМУССИЗЛИК ҚУРБОНИ

(Ҳикоя)

Салима ая ярим тунда ҳовлидаги итнинг тинимсиз аккиллашидан уйғониб кетди. Ўрнидан туриб, ойнадан ташқарига мўралади, ҳеч ким йўқ. Аммо Олапар дарвоза ёнига борганча кимгадир ҳураётган эди. Шу онда кимдир дарвозани қаттиқ-қаттиқ уриб, баланд овозда хонадон эгасини чақираётган эди. Юрагига ғулғула тушиб, ишқилиб тинчлик бўлсин-да, дея чолини уйғотди. Ўрнидан эринибгина турган мулла Ашраф бобо эгнига яктагини ташлади, бошидаги дўпписини тўғрилаб, "лаббай, ҳоозир!", дея дарвоза томон одимлади.

- Ким у?
- Мен, мулла бобо, қўшнингиз Икромман.
- Тинчликми ўғлим, ярим тунда, деб эшикни очди мулла бобо.
Йиғлайвериб кўзлари қизарган, тўн кийиб, белига белбоғ боғлаган Икром салом бериб ичкари кирди.
- Илҳом акам... оламдан ўтиб қолдилар...
- Аллоҳ раҳматига олсин, деб Ашраф бобо юзига фотиҳа тортди ва "ҳозир" дегандек ишора қилиб ичкарига кириб кетди.
- Ким экан у отаси, сўради Салима ая рўмолини бошига маҳкамроқ боғларкан.
- Илҳомжон вафот этибди, бечора.
- Ҳали қирққа ҳам кириб улгурмай а?
- Э онаси, шунча кўргуликларга виждонли, ор-номусли одам боласи дош берармиди?!
- Ҳаа... Шўрликка аввал хотинининг қилмишлари, сўнг қизининг беҳаёликлари оғирлик қилганда. Маҳаллада ҳам бош кўтара олмай қолганди бояқиш.
Ашраф бобо шошилганча таҳорат олдию Икром билан бирга кетди.
* * *
Илҳом қишлоқда ҳам, районда ҳам "битта", қўли гул ёғочсоз уста эди. Отамерос бу ҳунарга жуда меҳр қўйганди. Шундан бўлса керак, иши унумли, харидорлари ҳам кўп эди. Баъзан бошқа вилоятларга кетиб, бир неча ҳафта, ҳатто ойлаб сафарда бўлар эди. Йирик иморатларнинг мустаҳкам, нақшинкор эшиклари, устунларини ясаб, битказгач оиласи бағрига, бири-биридан ёқимтой, интизорлик билан кутаётган оқила қизлари - Моҳира, Гулҳида ва Шоиралар қучоғига қайтарди.
Илҳомнинг рафиқаси Матлуба учинчи марта ҳам қиз фарзанд кўрганидан буён оиласидан совиган. Гўё барчасига турмуш ўртоғи айбдордек ундан ранжирди. Шу боис тез-тез жанжал бўлиб турарди. Бундай дамларда тушунтиришлар, одилона-оқилона гаплар, уч қизни камол топтириб, саодатга эриштирмоқ ҳақидаги ривоятлар, хуллас, ҳеч қайси гап кор қилмас эди. Ҳар сафар ўртага совуқчилик тушганда Матлуба мақсад-муддаосиз қўшниси Давроннинг уч-тўрт нафар ўғли борлигини рўкач қиларди. Табиатан оғир-босиқ Илҳом рафиқасининг жаҳл устида айтган гапларига унчалик парво қилмасдию, аммо яқин дўсти Давронни тилга олишини тушунмасди. Баъзан буни "хотиним Давроннинг бирор ўғлини фарзанд қилиб олишни айтмоқчи бўлса керак, бироқ бунга журъати етмай нафасини ичига ютар", деб тушунарди.
Матлуба тўртинчи фарзандга ҳомиладор бўлди. Яратганнинг яна бир фарзанд ато этажагидан қувонган ота у албатта ўғил фарзанд бўлишини истарди. Бу истак фақатгина аёлининг бир неча йиллик дийдиёларидан қутулиш учун эмасди. Аксинча, ўзининг ҳам бир неча ўн йиллик орзуси ушалиши, кексайганда тиргак бўладиган, авлодини давом эттирадиган оқил ва доно ўғилли бўлиш хоҳиши бор эди, албатта. Рафиқаси ўғил туғиб берса бутун маҳаллага ош беришни, унга Хушнудбек ёки Умиджон, ё бўлмаса Бахтиёр, дея исм қўйишни мақсад қиларди. Уни ўқитиб, ватанпарвар, меҳнатсевар қилиб тарбиялаб, отаўғил ортидан "отангга раҳмат" деб жаранглаган ҳузурбахш лутфни эшитишни хаёл қиларди. Шундай кезларда қалби жўшиб кетарди. Яна ва яна илтижо қилиб, Аллоҳдан туну кун ўғил фарзанд тиларди.
Ўша кутилган бахтли онлар етиб келди. Ўғил фарзанд дунё юзини кўрди. Бахтли ота-оналар шодлик билан бир пайтда муаммога ҳам юзма-юз бўлишди. Негаки бола жуда нимжон туғилганлиги боис шифокорлар унга қон бериш лозимлигини айтишди. Афсуски Илҳомнинг ҳам Матлубанинг ҳам қон гуруҳи чақалоққа тўғри келмади. Илҳом саросимага тушиб қолганди. Йиллаб кутилган энг шодлик онлари қисқа вақтда саробга айланиши мумкин эди. Чақалоқнинг ҳаёти хавф остида. Илҳом жонсарак бўлиб гўдакнинг қон гуруҳига мос келадиган "ҳаёт манбаини" бирма-бир қариндош-уруғдан суриштира бошлади. Фойдаси бўлмади. Фарзандини йўқотиб қўйишдек таҳликага тушиб қолган ота туғруқхонанинг бир бурчагига қисилиб олиб шифокорларнинг нимадир қилишига умид боғлашдан ўзга чораси қолмади. Бошини чангаллаганча ичи ёниб кул бўлаётган Илҳомнинг ёнида тунга яқин дўсти Даврон пайдо бўлди. Унинг қон бермоқчи бўлиб келгани қулоғига чалиниши биланоқ шифокорларнинг олдига бошлаб кетди. Қисқа муддат ичида барча муаммо бартараф бўлгандек бўлди. Илҳом Давронни шундан сўнг фақатгина синфдош ўртоқ деб эмас, энг яқин нажоткоридек қўрадиган бўлди. Аммо бирор марта уни туғруқхонага ким чақиргани, буларнинг муаммоси қандай унга етиб борганлигини ўйлаб ҳам ўтирмади.
Ўн-ўн беш кун оралиғида чақалоқ мутлақо соғлом бўлиб қолгач уйга қайтишди. Илҳом отаўғилга ширин орзу-ҳаваслар билан Бахтиёр дея исм қўйди. У қалбига туккан эзгу ниятларини бирин-кетин амалга ошира бошлади. Бутун қариндош-уруғ, қишлоқ аҳлини йиғиб ош берди. Шундай шодлик кунларда қишлоқда рафиқаси Матлуба билан боғлиқ турли совуқ миш-мишлар тарқаганди ҳам... Хонадонига ҳатто яқин қариндошларнинг ҳам келди-кетдиси камайиб қолганди. Ишда эса унум йўқ эди.
Йиллар ўтгани сари Бахтиёржон ҳам улғайиб борди. Бу Илҳомнинг қувончини ошириш ўрнига юрагини сиқиб қўйди. Унга тунлари уйқу бермаган, еган-ичганини таъмсиз қилган ҳолат бу ўғли Бахтиёржоннинг қиёфаси, хатти-ҳаракатлари на ўзига ва на рафиқасига ўхшарди, аксинча кўпроқ дўсти Давронга тортиб борарди. Гоҳ-гоҳ хаёлига келган фикрлардан ўзидан-ўзи нафратланиб кетардию бироқ бу унсиз дард ич-этини кемирарди. "Хотиним... Даврон... Бўлиши мумкин эмас. Бу шунчаки тасодиф", дея ҳаловати йўқоларди. Гоҳида хотинининг бўғзидан олиб, бор гапни билгиси келардию қаттиқ янглишиб, унинг кўнглини бир умрга мажруҳ қилиб қўйишдан қўрқарди. Энг даҳшатлиси, онанинг уч қизи олдидаги аҳволи, уларга бу машмашалар оғир ботиб, онасидан кўнгли қолиб кетиши мумкинлигини ўйлаб ўзини қўлга оларди, қизларининг келажагини ўйларди. Аммо барибир оилада тушкунлик, ошкора этилмаган гина-кудурат ҳукмрон эди. Илҳом аламини ишдан олишга уринди. Шундай мушкул хаёллар уммонига чўкиб юрган кунларнинг бирида юқори электр токи билан ишлайдиган ёғоч кесиш ускунаси ўнг қўли кафтининг ярмидан кесиб юборди, тўртта бармоғидан ҳам айрилди. Бу дард устига чипқон бўлди. Илҳомга барчасига Матлуба айбдордек кўриниб қолди.
Хонадондан осудалик йўқолди. Илҳом кўча-кўйга, маҳалладаги тўй-ҳашамларга ҳам чиқмай қўйди. Кечагина куч-ғайратга тўлиб, уйим-жойим, фарзандларим деб югураётган, тош келса кемириб, сув келса симириб юборадиган шижоатли йигитдан энди асар ҳам қолмади. Оилада осудалик йўқолди, дастурхондан файз кетди.
Матлуба коллежнинг иккинчи курсида ўқиётган қизи Моҳира билан қишлоқ одамларидан ул-бул олиб, бозорга сотишарди. Тўрт-беш сўм фойдасини амаллаб, рўзғорга яратарди. Аста-секин Моҳиранинг ўзи ҳам туппа-тузук "бозорчи" бўлиб қолди. Онасисиз ҳам эплайдиган бўлдию коллеждаги ўқишини четга суриб қўйди. У эрта тонгдан ишга отланади, қўшни қишлоқдаги Акром фермернинг кўчабезори, лўттибоз ўғли Исмат таксичига "клент" ҳам бўлиб олган, "ғизза" бозорга етиб боради. Қишлоқдан олиб келган чакки, қаймоқ, сариёғу тухумларни яхшигина фойдасига пуллайди. Бозорнинг ўзида ундан олиб бунга сотадиган пухта сотувчига ҳам айланди. Мўъжазгина растачага ҳам эга бўлиб олди. Эндигина ўн олти-ўн етти ёшга кирган қизалоқ баъзи бозорчи аёлларнинг ҳам оғзига тушди, унинг нарсасидан кўра ўзига харидорлар кўп эмиш. Шундай кўҳликкина, истарали, қошу кўзлари қоп-қора, юзлари сутдек тиниқ қизини бозорга югуртириб қўйган ота-онаси ахмоқ эмиш.
Моҳиранинг чиройлилиги ҳақиқат эди. Аммо буни бозорчи аёллардан аввалроқ Исмат таксичи яхши биларди, Моҳиранинг ҳусни-жамолига ошиқ бўлиб юрарди. Кези-келганда ширин-ширин сўзлар билан унинг кўнглига "ғулғула" солиб қўйган эди. Бора-бора Моҳира Исматнинг муносабатларидан хадиксирамай ҳам қўйди. Аксинча, икки қалбда муҳаббатни ниқоб қилган ҳис-туйғулар жўш ура бошлади.
Моҳира бозор борми-йўқми ҳар куни тонгда чиқиб кетиб, кеч кирганда, баъзан ярим тунда уйга кириб келадиган бўлди. Илҳомнинг қизига насиҳату танбеҳлари зое кетарди, шу боис юраги кўп сиқиларди. Фариштадек қизининг юзидан иффат, шарму ҳаё йўқолиб бораётганидан афсусланиб, хуноби ошарди. Хотинининг бир неча йил аввалги ахмоқона қилмиши қизига "юқишидан" хавотирланарди, баъзан пана-панада ўксиб-ўксиб йиғларди. Онаси орқали ниманидир тушунтирай деса Матлубага гапириш тугул, юзлангиси ҳам келмасди. Сочига анча-мунча оқ оралаб қолган Илҳом тез-тез касал бўлиб, ётиб қоладиган бўлди. Ҳали унинг юраги, ошқозони бетоб бўлса, ҳали ўпкасига нимадир қилган бўлиб чиқарди. Қизи Моҳира ҳақида турли совуқ миш-мишларни эшитгач эса боши ёстиққа етди, тўшакдан қайтиб турмади...
* * *
Қишлоқ аҳли жанозага жам бўлган, тумонат одам йиғилди. Майитнинг ғурури баланд, ор-номусли, жамиятга улкан фойдаси теккан, меҳнатсевар инсон эканлиги айтилди. Ҳаққига узундан-узун дуолар қилинди. Мулла Ашраф бобо жаноза намози ўқиб бўлингач, майитни қабрга олиб кетиш учун рухсат берди. Ашраф бобо одамлар ортидан қабристонга борар экан йўл четида жанозадан қайтиб кетаётган икки-уч аёлнинг гаплари қулоғига чалинди:
- Илҳомжон ака номусга чидай олмади. Жондан азиз қизи Моҳиранинг тўйсиз, никоҳсиз шармандаларча ҳомиладор бўлиб қолганини кўтара олмади, бечора...
- Бу ҳисобли дунёда синглим, Матлуба тўғримиди-ки қизларига намуна бўлса, ахир отани менсимай қўйишдику ҳаёсизлар...

Абдуҳошим ЗИЁДОВ,
журналист


Дата добавления: 31/05/2019 16:31;   Просмотров: 800
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку