туман ҳокими Шуҳрат Жамолов билан суҳбат
- Ҳурматли Шуҳрат Ўроқович, аввало янги 2019 йил билан чин қалбдан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.
- Раҳмат. Мен ҳам имкониятдан фойдаланиб, севимли газетамиз "Гулобод тонги" орқали туман аҳолисини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" билан муборакбод этиб, барчага сиҳат - саломатлик ва оилавий бахт - саодат тилайман.
- 2018 йил якунланди. Кўрсаткичлар қандай, Сиз учун қаноатлими?
- Ростини айтсам, ҳам "ҳа", ҳам "йўқ". Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида ўсиш суръатлари сезиларли даражада эканлиги ва давлатга пилла, ғалла, сабзавот, мева, узум ҳамда бошқа хил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиш режаси ортиғи билан уддаланганлиги қувончлидир. Ушбу даврда маҳаллий даромадлар ва бюджетнинг харажатлар қисми 110-120 фоизга ижро этилди.
Бироқ, айрим соҳалар бўлса оқсаб қолди ва буни тан олишим лозим.
Қувонарлиси эса, Янги йил байрами арафасида бизлар хайрли ишга қўл уриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ногиронлиги бор 14 нафар фуқарога имтиёзли шартлар асосида Президент совғаси - янги, замонавий, шинам, ёруғ уй-жойларнинг калитини тантанали топширдик.
Келгусида бу анъана давом этади. Муҳтарам Юртбошимизнинг ўтган йили 24 ноябрда имзоланган "Қишлоқ жойларида ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан Янги йилда ҳам шаффофлик ва ижтимоий адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда ва "Обод қишлоқ" дастури билан ўзаро уйғунликда амалга оширилиши кўзда тутилган ҳолда туман ҳудудида 10 та кўп қаватли замонавий уйлар бунёд этилади.
Яна бир савоб ишимиз, Зарафшон тизма тоғлари этагида жойлашган Юқори Оҳалик маҳалласидаги "Шифо" болалар соғломлаштириш масканида даволанаётган мактаб ёшидаги фарзандларимизга "Президент арчаси" байрам тадбирларини кўтаринки кайфиятда ўтказиш бўлди. Чунки Янги йил байрамини болажонлар интиқлик билан кутишади. Туман маданият ва халқ таълими бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбир, Қорбобо ва Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги байрам томошалари бу ерда саломатлигини мустаҳкамлаётган 100 нафарга яқин болаларга олам-олам қувонч улаши билан бирга улар қалбига юксак орзулар, эзгу мақсадларни жо айлади. Шунингдек, Оҳалик қишлоғидаги кам таъминланган оила фарзандларига ҳам ҳомийлар томонидан Янги йил совғалари улашилди.
Хуллас, кўрсаткичлар, ютуқлар ва савоб ишларимизни "қониқарли" деб баҳо берсак бўлади, лекин мени ташвишга солаётган муаммо - бошқа масала. Муҳтарам Президентимиз ҳар жабҳада давлат сиёсатининг бош мезони - адолат бўлиши лозимлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз ўз сиёсатида ўзига қулайини эмас, тўғрисини, халққа мақбулини танлашга интилмоқда. Фикримизнинг далили - Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда Янги йил табригидир.
Ижро ҳокимиятидаги айрим янгича ишлашга, янгича фикрлашга кўникмаётганлар, жамият ва халқ учун фойдалиси эмас, ўзига қулайини танлашни истаётганлар борлиги мени ҳам ташвишга солмоқда. Баъзи бир масалаларга безовталигим сабаби ҳам ана шундадир.
- Сиз Янги йилда нималарга катта эътибор берасиз?
- Президентимиз 2019 йилга "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб ном беришни таклиф қилдилар. Йилга бундай ном бериш барчамизга жуда катта масъулият юклайди. Шавкат Миромонович Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай жумла бор: "Ҳар бир раҳбар-у, вазир ёки марказий идора бошлиғи бўладими, депутат ёки сенатор бўладими, компания ёки туман ҳокими бўладими - барча-барчамиз бу ишни энг биринчи вазифамиз деб билишимиз зарур".
Келгусида туманимизнинг барча аҳолиси бундай қатъий талабни чуқур тушуниб олишлари ва ишни шу аснода ташкил этишлари ҳам қарз, ҳам фарз. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар жадал давом эттирилади. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" Дастурлари ижроси доирасида учта аҳоли пунктлари янгича чирой очиши керак.
Туманимизда қишлоқ хўжалиги асосий соҳа ҳисобланади. Шаҳарликлар дастурхонини ноз - неъматлар билан серфайз ва фаровон қилиш учун ушбу тизимни ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш энг муҳим вазифамиз бўлади.
Туманимиз аҳолисининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Бир донишманд шундай деган экан: "Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва бебаҳо туҳфа инъом этади - бу куч-қувватга тўла ёшлик, билим ва курашга чанқоқлик, ишонч ва орзу-умидга тўла ўспиринликдир". Модомики, ёшлик, довюраклик ва фидоийлик палласи экан, бир зум ҳам тиним билмайдиган, ҳаёт билан бирга фақат олға қараб юриш лозим. Аммо фарзанд ва набираларимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда, санъат ва мусиқий тарбиялари ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Чунки жисмоний тарбия ва спорт одамнинг иродасини шакллантириб, соғлиғини мустаҳкамлашга ҳисса қўшса, мусиқа санъати унинг руҳига озуқа беради, қалбининг энг нозик туйғуларини камолга етказади. Мусиқа билан шуғулланадиган одам ёмонликдан, албатта, узоқ бўлади. Бу йил ҳар бир маҳалла ва қишлоқларда спорт майдончалари барпо этилади.
Инсонни маънавият ва маърифатга етаклашда китоб мутолааси жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳар бир касб эгаси, ёшидан қатъи назар билимлар манбаи бўлган китобни ўқиши лозим. Чунки бадиий асарлар кундалик турмушимизда, инсоний фазилатлардаги муаммоларни ҳал қилишда катта ёрдам беради. Китобга меҳрли бўлиш эса, дастлаб оиладан бошланади. Ахир бизнинг ота-оналаримиз ҳам китоб ўқиб, китоб қаҳрамонлари руҳида тарбияланиб, ўсиб-улғайишган. Бадиий асарларни варақлаш улар учун одатий ҳол бўлиб, у пайтларда уяли телефон, интернет, компютер воситалари бўлмаган.
Кейинги вақтларда бизнинг мамлакатда китоб ва китоб ўқишга катта эътибор берилмоқда. Шукроналар айтишимиз керакки, давлатимиз раҳбари мустақил Ўзбекистон фуқароларининг маънавий оламини баланд кўтармоқ учун деярли ҳар бир чиқишларида бизни китобхонликка даъват қилмоқдалар. Чунки буюк аллома Мир Алишер Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомий шундай деб ёзади:
Танҳолик буржида шерик китобдир,
Донолик субҳида ёду китобдир.
Афсуски, туманимизда китоб дўкони ва оммавий китобхона йўқ. Бу масала ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан таажжубдаман. Ва бу муаммо ижобий ҳал бўлади.
Албатта, ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар кўп ва уларни қатъий режа асосида ижобий ҳал этиш учун имкониятлар бор.
- Туман ҳокимияти яна қайси масалаларга эътибор беришни режалаштирган?
- Биринчи навбатдаги ишимиз одамларнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечириб, эртанги кунга ишонч билан яшашлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратиш бўлади. Улар ҳудудларда ташкил этилган секторлар фаолиятидан қониқиш ҳосил қилишсин. Туманда 74 та маҳалла бор. Секторлар раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳлари аъзолари биргаликда жойларда юздан кўп сайёр учрашувлар ташкил этиб, аҳоли билан бевосита юзма-юз бўлиб, намунавий саволнома асосида халқимизни қийнаётган муаммолар ўрганилди ва имконият даражасида жойларда ҳал қилинди. Афсуски, бу муаммолар бугун ё кеча пайдо бўлган эмас. Таажжублиси шундаки, айрим ҳудудларда масъул шахслар ойлаб бормаганлар. Шу боис қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган. Айниқса, маҳаллалардаги ички йўллар, кўп қаватли уйлар, маданий-маиший иншоотлар таъмирталаб ҳолга келган. Жойларда ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги носозликлар одамларни бездирганди. Бу каби ҳолатлар секторлар раҳбарлари томонидан алоҳида эътиборга олиниб, муаммолар бирин-кетин ҳал этилмоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатаётир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "Обод қишлоқ" дастури асосида Паррандачилик, Меҳробод, Пули Муғоб, Гулобод қишлоқларини тубдан ўзгартиришга киришилди. Бу анъана Янги йилда давом этади. Чунки "Обод қишлоқ" дастури тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқмоқда. Ва олис аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси тубдан яхшиланиб, йўл-транспорт, муҳандислик, коммуникация инфратузилмаси замонага хос бўлиб, шу аснода халқимизнинг турмуш маданияти юксалади, дунёқараши кенгаяди.
Хуллас, режамиз жуда катта. Ва уларни бажариш учун имкониятлар мавжуд. "Интилганга толе ёр" дейишади халқимизда.
Мунажжимлар башоратига кўра, 2019 йил яратувчанлик, бунёдкорлик ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлади. Шунинг учун туман ҳокимияти маҳаллий бюджет ва ҳомийлар ташаббуси билан Гулобод қўрғонида истироҳат боғи, жойларда мактаб, болалар боғчаси, савдо шохобчалари, маърифат ва маданият ўчоқлари бунёд этишни режалаштирган. Бундан ташқари, ички йўллар сифатли таъмирланади, кенгайтирилади ва асфальт ётқизилиб, равонлаштирилади. Кўплаб турар уй-жойлари қурилиб, электр, ичимлик суви, табиий газ таъминоти яхшиланади.
Инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, юртимизда тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Чунки халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизматлар кўрсатилишини истайди. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Сир эмас, соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш ва режалаштириш бўйича концепция ҳамда стратегик мақсадларнинг йўқлиги оқибатида ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда амалга ошириларди. Бу эса аҳолининг тиббий ёрдам сифатига доир истак ва талабларига жавоб бермасди. Сўнгги икки йил ичида қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Натижада бирламчи тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш орқали эса касалликларни профилактика қилиш, барвақт аниқлаш, патронаж ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги камчиликларни бартараф этиш имкони яратилади. Мақсад эзгу - халқимиз саломатлигини асраш, бунинг учун шарт - шароитлар яратилади.
Суҳбатни
Зоҳир ҲАСАНЗОДА олиб борди
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.