ёхуд ота-онанинг армони
Қўшни маҳаллада яшовчи Акрам бобонинг 15 ёшли набираси автоҳалокат туфайли вафот этганлиги ҳақида хабар тарқалди. Йигитчанинг бобосидан яширинча ҳовлида турган машинани кўчага ҳайдаб чиқганлиги учун юз берган бу воқеа одамлар орасида турли гап-сўз тарқалишига сабаб бўлди.
Айтишларича йигитчанинг ота-онаси чет элда ишлагани кетган, шу боис фарзандлари бобосининг қарамоғида экан. Ёлғиз ўғлини сўнгги манзилга кузатиш учун етиб келолмаган ота-онанинг қалбида бу бир умрлик доғ бўлиб қолди. Умри қисқа экан, юз берган автоҳалокат унинг ҳаётига нуқта қўйди...
Бугунги кунда юртдошларимиз орасида пул ишлаш илинжида чет элга кетаётган ота-оналарнинг ҳам вояга етмаган, меҳр ва эътиборга муҳтож фарзандларини “шароит мажбур қилябди” деган баҳона билан яқин қариндошларининг қарамоғига қолдириб кетаётганлари, ҳатто 6-7 ойлик чақалоқни ҳам чирқиратиб ташлаб кетишга кўзи қияётган оналарнинг борлиги ачинарли ҳолат эмасми?
Шу ўринда савол туғилади яқинлар қарамоғидаги фарзандлар айтилан гапларга қулоқ солиб, буюрилган ишларни вақтида бажариб тартиб, интизом қоидаларига сўзсиз қулоқ солаяптими ёки аксинча, ота-онасининг чет элдалигидан фойдаланиб, “ўзимга хон-ўзимга бек” қабилида ўзлари хоҳлаган жойга бориб кўнгилларига келган ишни қилишаяпдими?
Вояга етмаган фарзанд бамисоли бир ниҳол дейишади, ёш ниҳолнинг вақт ўтиб томири мустаҳкам дарахт бўлиши учун у меҳр ва парваришга муҳтож. Эътиборсиз қолдирсангиз, дарахт истаган томонга қийшайиб ўсади. Тарбия ҳам худди шундай. Пулни ҳар қачон топиш мумкин. Лекин...
* * *
Раҳим ака уч фарзандини ота-онаси қарамоғига қолдириб, хотини билан чет элга кетишганди, ўн беш йил деганда қайтиб келишди. Бу вақт давомида бобо-буваси қўлларида тарбия топган қизларининг бири олий ўқув юрти талабаси, иккинчиси коллеж битирувчиси ақилли-тарбияли, лекин кенжатой ўғил Сарвар “тўқчиликка шўхчилик” қилиб, гиёҳвандлик йўлига киргани ота-онани анча ташвишга солиб қўӣди. Ўғил уйлантириб, келин олиш орзусида қайтган ота-она йиғган бор мол-давлатини сотиб, ўғиллари Сарварни даволашга сарфлашди.
Ўз вақтида онасининг:
– Шунча ишлаганларинг етар. Ё сен, ё хотининг келиб, фарзандларингизга бош бўлинглар, биз қариб қолдик, улар улғайишди, деган гапига қулоқ солмаган ота-она энди пушаймона, аммо..
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.