Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Назорат самарали бўлмоқда

Тумандаги ўрта умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг илм олишига бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, шунингдек, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълимга жалб қилинмаган болаларни аниқлаган ҳолда уларни ўқишга қайтариш мақсадида туман ИИБ ходимлари томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йил 3 сентябрь куни туман ИИБ бошлиғи, милиция подполковники А.Сулаймоновнинг тасдиқлаган тақсимоти асосида ички ишлар ходимларидан 57 нафари тумандаги 53 та ўрта умумтаълим мактаблари ҳамда 4 та касб-ҳунар коллежларига бириктириб қўйилди. Қайд этиш лозимки, ходимлар ҳар куни эрталаб соат 07:30 дан 08:30 га қадар ўзларига масъул бўлган ўқув муассасаларида бўлиб, ўқувчиларнинг давомоти, кийиниш қоидалари ва юриш-туришларини назорат қилмоқдалар. Шу билан бирга, муассасаларда ўтказиладиган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан бўлган йиғилишларда иштирок этиб, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилишининг олдини олиш борасида кенг тушунтириш ишлари олиб боряпти.
Бундан ташқари, туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими таянч пункти профилактика инспекторлари томонидан ҳам мактабга жалб этилмасдан қолган болаларни аниқлаш ва мактабга қайтариш учун ўз хизмат ҳудудларида жойлашган ташландиқ дала ҳовлилар, қаровсиз бинолар, бозорлар, автошоҳбекат, хизмат кўрсатиш шахобчалари ва бошқа жойларда тегишли равишда профилактик тадбирлар ўтказиляпти. Бунинг натижаси ўлароқ, ўтган сентябрь ойида қўшни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида рўйхатда турган 4 нафар ва вилоятимизнинг Ургут тумани рўйхатида бўлган 2 нафар мактаб ўқувчиларини туман ҳудудида назоратсиз ва мақсадсиз юрганликларини аниқлаб, ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришди ва вилоят ИИБ ҲПБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига топширишди.
Олиб борилаётган профилактик ишлар жараёнида ҲПБ ВЕ ва ЁУХПТЭГ инспектори майор З.Шарипова томонидан туманимизнинг Ўрта Туркман МФЙда яшовчи 2005 йил 14 июлда туғилган, вояга етмаган Собиров Санжар Баҳронович тарбияси оғирлиги, ота - онаси ва ўқитувчиларининг гапларига қулоқ солмасдан, бебош бўлиб бораётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мазкур вояга етмаган шахсда ҳуқуқбузарлик ва жиноят қилишда мойиллик кучли эканлиги эҳтимоли нуқтаи назаридан унинг олдини олиш мақсадида шаҳардаги ўғил болалар учун мўлжалланган, 64-сонли махсус мактаб-интернатга жойлаштирилди.
Дарҳақиқат, айтиш мумкинки, туман ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилаётган бундай назорат тадбирлари бесамар кетмаяпти.

Тошпўлат Юсупов


Дата добавления: 19/10/2018 14:53;   Просмотров: 923
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку