Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАВРЎЗ ТАОМЛАРИ

Тарихий манбалар асосида олимлар аниқлашича Наврўз байрами милоддан аввалги VI асрлардан буён Ўрта Осиё ва унга туташ жанубий-шарқий ҳудудда жойлашган мамлакатларда нишонланиб келинади. Кўнгилга энтикиш уйғотадиган бу атама "янги кун"деган маънони билдириб, қадим халқларда шу кундан бошлаб табиатдаги ҳамма нарса амалга киради, деб ҳисобланган.

Моҳиятан қаралса, Наврўз умумбашарий қадриятлар асосида қурилгани маълум бўлади. Чунки унда меҳнат, касб-ҳунар, ҳамкорлик, дўст-биродарлик, инсонийлик, ватанпарварлик, яхшилик, ҳалоллик, адолат, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, қадр-қиммат, инсонга муҳаббат каби қадриятлар тарғиб-ташвиқ қилинган.
Наврўз анъанасининг халқ ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар", Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Умар Хайёмнинг "Наврўзнома" каби илмий-бадиий асарларида қимматли маълумотлар бор. Айниқса, Мир Алишер Навоий ҳазратлари "Ҳар тунинг "Қадр" ўлубон, ҳар кунинг ўлсун "Наврўз", деб бу кунни алоҳида эъзозлаган.
1990 йилдан бошлаб республикамизда Наврўз байрами дам олиш куни деб эълон қилинди ва ўшандан буён у юртимизда яшовчи барча миллат, элатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамловчи байрам сифатида нишонланиб келинади.
Байрам олдидан шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллалар, ишхоналар тартибга келтирилади. Умумхалқ ҳашарлари ўтказилади. Хайрия ишлари: муҳтожларга ёрдам бериш ва қарияларни зиёрат қилиш, касаллар ҳолидан хабар олиш ишлари амалга оширилади.
Наврўз куни барча жойларда катта томошалар, тантаналар ва халқ сайллари ўтказилади.
Кексалар баҳорнинг илк даракчиси бойчечак, бинафша, чучмомаларни кўзларига суртиб "омонлиқ-сомонлиқ, кўрмайлик ёмонлиқ" дея ният қилсалар, оналар ердан унган ям-яшил шифобахш гиёҳлардан егулик тайёрлаш ҳаракатига тушадилар.
Кўк чучвара, кўк манти, кўк сомса, кўк патир. Буларнинг ҳаммаси баҳорнинг, Наврўз байрамининг энг лаззатли таомлари ҳисобланади.
Қуйида Наврўз таомлари ҳақида маълумот берамиз.
Наврўзнинг шоҳ таоми сумалак ҳисобланади.
Сумалакнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида ривоятлар жуда ҳам кўп. Шулардан бири:
Қадимдан деҳқонлар уруғликни сувда ивитиб қўйиб, кейин уни экишаркан. Йилларнинг бирида донни сувга ивитиб қўйган деҳқон ҳаво бузилиб, ёмғир ёға бошлагани учун эколмабди. Буғдой ниш уриб, ўса бошлабди, об-ҳаво эса ҳадеганда очилавермабди. Деҳқон нишлаб кетган дон увол бўлмасин деб уни қиймалабди ва болалари учун бир нима пишир деб хотинига берибди. Хотини қиймани қозонга солиб узоқ вақт қайнатибди ва қозон қопқоғини бекитиб ухлагани ётибди. Эрталаб қопқоқни очиб кўрса, ажойиб ҳид димоғига урилибди. Татиб кўрса, таом шундай ширин эканки, барчага мазаси ёқибди. Келаси йили деҳқоннинг болалари яна шу таомдан егилари келибди ва шу тариқа баҳорда сумалак пишириш удуми пайдо бўлган экан.
Ялпиз
Ялпизнинг янги униб чиққан барглари суюқ овқатларга маза киритади.
Ялпизнинг шифобахшлиги ҳақида Ибн Сино шундай деган: "Бир неча кунгача уни еб, кетидан қатиқ зардоби ичиб турилса, веналарни кенгайтиради. Унинг шираси қовуқдаги қуртларни ўлдиради. Ялпиз, хусусан ёввойи иштаҳа камлигида, меъда заифлигида, ҳиқичоқ тутганда фойда қилади".
ЖаҒ-жаҒ
Халқимиз жағ-жағ кўкатидан турли-туман таомлар тайёрлаб, унинг шифобахш хосиятларидан баҳраманд бўлади.
Олимларнинг аниқлашларича, жағ-жағ қон босимини тушириб, ичак фаолиятини уйғунлаштиради. халқимиз бу ўсимликнинг кўкатидан айни навбаҳор дамлари чучвара, сомса ва шўраки таомлар тайёрлаб, истеъмол қилишади.
ИсмалоҚ
Исмалоқдан дармондори сифатида фойдаланиш кенг расм бўлган. Унинг баргида оқсил, ёғ, темир, фосфор, магний, калий, натрий, шунингдек, рибофлавин, рутин, филлохинин, токоферол, эргокальциферол витаминлари бор. 100 гр исмалоқ 25-30 каллорияга эга, тухумда эса 40 калория бор. Бинобарин, 500 гр исмалоқ уч дона тухумнинг кучини бера олади.
ОтҚулоҚ
Отқулоқ аслида ёввойи шовул бўлиб, танаси тик ўсадиган кўп йиллик кўкат ўсимлиги. Янги униб чиққанда барглари кўкатлар билан чопиб қийма қилинади, жизза, кўк пиёз қўшиб сомса ва чучвара тугилади.
Таркибида "С" витамин кўп - қон босими ошган ҳамда меъда касали билан оғриган беморларга тавсия қилинади.
КЎк чучвара
Бу таом учун отқулоқ, ялпиз, исмалоқ, жағ-жағ каби кўкатлар керак бўлиб, улар ёғда чала қовуриб олинади. Кўкатлар жуда ҳам пишиб, эзилиб кетмаслиги керак. Ушбу масаллиқ юпқа хамирга жойлаштирилиб, чучвара шаклида тугилади ва қайнатилган сувда ёки қайнаб турган шўрвада ёхуд манти қасқонда буғда пишириб олинади.

Қ.МУАЗЗАМОВ
тайёрлади.


Последнее редактирование: 20/03/2020 11:38;   Просмотров: 3432
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку