Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАВРЎЗ САЙЛИ ЭТМОҚДА ДАВОМ

Шарқона янги йилнинг бошланиши, меҳр-оқибат рамзи, бағрикенглик, саховат, тинчлик ва фаровонлик ифодаси, асли миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзи оламнинг ташрифи қалбларимизга олам-олам қувонч бахш этаётир.

Табиат уйғониб, борлиқ, ям-яшил тусга кирган, кўнгилда эзгу ниятлар куртак ёзаётган ана шундай фараҳбахш дамларда мазкур бебаҳо айёмни соғинганимизни теран англаймиз. Шу боис бугун туманимизда катта хурсандчилик билан тантана қилинган байрамга “Хуш келибсан, ўлкамизга Наврўз, қадаминг қутлуғ бўлсин!”, дея пешвоз чиқдик.

Туманимизда ҳам Наврўз байрами 17 март куни амфитеатрда ҳамда ўйингоҳда ҚФЙ, коллеж ва мактаблар жамоаси томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик кўргазмалари, қушлар ва гуллар растаси, миллий урф одатлар намойиши барчада катта таассурот қолдирди. Бу йил Равонак, Чордара, Янгиариқ, Хожа Аҳрори Вали каби қатор маҳаллаларда Наврўз сайллари ташкил этилиб, сайилларда янграган куй-қўшиқлардан барча баҳра олди.

– Абу Райҳон Беруний бундан минг йил аввал ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Наврўзни таърифлаб берган бўлса, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида ушбу айёмнинг келиб чиқиши, аждодларимизнинг шунга боғлиқ урф-одатлари, шунингдек, сумалак ҳақида батафсил маълумотлар бор,-деди туман ҳокими Ботир Қодиров ўзининг табрик сўзида. Наврўз баҳорда кун ва туннинг баробар бўлиши ҳамда миришкор бобо-деҳқонларимиз баҳорги юмушларга жиддий киришишлари палласидир. Аждодларимиз асрлар бўйи Наврўз кунлари дошқозонларда сумалак қайнатишни келаётган янги йилнинг баракали, файзли ва серҳосил бўлиш рамзи деб билганлар.

Барча қишлоқ ва маҳаллаларимизда, корхона ва ташкилотларда Наврўз байрами кенг нишонланди. Байрам арафасида йигирмага яқин савдо ва маиший хизмат нуқталари фойдаланишга тайёрлаб қўйилди. Наврўз кунлари иқтисодий ночор оилаларга мурувват ёрдамини кўрсатиш, тўшакда ётган бемор ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш анъанага айланган, жорий йилда ҳам бу хайрли ишлар давом эттирилди.

Жорий йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни бугунги кун талабига мувофиқ изчил давом эттириш, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига чет эл сармояларини олиб киришни янада кенгайтириш, қурилиш ва бунёдкорлик борасида замонавий уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат нуқталари, йўлларни таъмирлаш, аҳолини ичимлик суви ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини янада қондириш борасидаги тадбирларимиз талайгина. Айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим, аҳоли бандлигини таъминлаш тизимида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар қилиш беглиланган.

Ҳа, мовий самода баланд учаётган бозбараклар, кураш майдонида беллашаётган умидли ёш паҳлавонлар, куй-қўшиқларни қойил мақом ижро этаётган кекса ва навқирон санъат фидойилари, рақсга тушаётган бахтиёр опа-сингилларимиз мисолида юртимиздаги мустаҳкам тинчлик, барқарор тараққиёт, фаровон турмуш манзаралари қалбларни фахр-ғурур, шодлик ва сурурга тўлдирди.

Ҳамманинг тилида “Наврўз муборак бўлсин!”, “Тинч-омон юртимизга шукуроналар” деган самимий истаклар янграб турибди.

Хуллас, Наврўзи олам сайллари давом этмоқда.

Н.ОЛИМОВ

СУРАТДА тадбирдан кўринишлар акс этган.

Суратлар муаллифи Б. ҚОдиров, Б. ЗОҲИР


Последнее редактирование: 03/04/2017 12:59;   Просмотров: 1728
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку