Туман ҳокимлиги, бўлим ва бошқармалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлими, маданият бўлими ва бошқа корхона-ташкилотлар ҳамкорлигида "Ассалом, Наврўз!" шиори остида Гулобод қўрғонидаги амфитеатр ва марказий ўйингоҳда Наврўз сайли кўтаринки руҳда ўтказилди.
Шу куни эрта тонгдан янграган карнай-сурнай садолари туман аҳлини Наврўз сайлига чорлади. Амфитеатр ва марказий ўйингоҳ етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тумандошларимиз билан гавжум бўлди. "Ассалом, Наврўз!" шиори илинган ҳаво шари осмон узра баланд кўтарилди. Халқ сайлига жам бўлганлар ҳайрат ва ҳавас билан уни томоша қилишди. Майдонда миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш бўйича мусобақалар ўтказилди. Ёш спортчилар карате, бадиий гимнастика спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар қилишди. Ўтовлар тикилди, дастурхон ёзилиб, элга ош, ҳалим, сумалак тарқатилди. Элимизга хос миллий урф-одат ва анъаналар бардавом бўлди. Тумандаги умумтаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, корхона ва ташкилотлар барчаси дастурхон тузаб, кўргазмалар ташкил этишди. Тадбиркор ва ҳунармандлар ўз фаолияти бўйича маҳсулотларини намоён этишди. Халқ ижодиёти намуналари, лапарлар янгради. Шоир ва ёш ижодкорлар ўртасида айтишувлар, баҳру-байтлар ўтказилди. Байрамга жам бўлганларнинг қалбида шукроналик, бугунги кунидан розилик сезилиб турди.
Сайил иштирокчилари амфитеартга тўпланишди. Туман ҳокими Ш. Жамолов барчани Наврўз айёми билан табриклади. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, ўтган йил давомида туманда фойдаланишга топширилган ижтимоий-иқтисодий объектлар, спорт ишноотлари ҳақида тўхталиб, эришилган ютуқларни таъкидлади. Ҳар бир эришилган муваффақиятларда турли соҳаларда фидойилик билан меҳнат қилаётган ходимлар, туман аҳолисининг ҳиссаси катта эканлигини қайд этиб, уларга миннатдорчилик билдирди.
Тадбирда туман ҳокими ногиронлиги бўлган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, иқтидорли ёшлар ва турли йўналишларда самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фаоллар, байрамни ташкил этишда фаоллик кўрсатган корхона-ташкилот ходимларига совғалар топширди.
Байрам тадбири концерт дастурига уланиб кетди. Республикамиз ва Самарқанднинг таниқли хонандалари, бадиий жамоалари томонидан айтилган қўшиқ ва ашулалар, ижро этилган рақслар, болалар мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларининг чиқишлари барчага хушнудлик бағишлади.
Туманимизнинг барча маҳалла ва қишлоқларида байрам тадбирлари давом этмоқда.
Н. КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.