Мана бир неча кундирки, бутун ўлкамизда ўзгача файз, ўзгача тароват, наврўз шукуҳи ҳукмрон. Азалдан бу байрам ободлик, яратувчанлик ва бунёдкорлик айёми бўлиб келган. Наврўзни халқимиз интизорлик, интиқлик билан қарши олади. Байрам олдидан ҳашарлар уюштирилади.
Юрт ободликка юз тутиб, корхона, ташкилот, муассасаларга, ҳовли-жойларга, боғларга, кўчаю хиёбонларга мевали, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилади. Кексалар, беморлар, ногирон бўлган кишилар ҳолидан хабар олиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга меҳру-мурувват, хайру-саховатлар кўрсатилади. Буларнинг барчасида миллий қадриятлар, чексиз эзгуликлар мужассам бўлиб, обод ва фаровон ҳаётимизни ўзида акс этади. Байрам арафасида туман ҳокими Ш.Жамолов бир гуруҳ тадбиркорлар ҳамроҳлигида сўлим Оҳалик маҳалласида жойлашган вилоят болалар махсуслашган сиҳатгоҳининг III-бўлимига ташриф буюрди. Ҳоким у ерда даволанаётган болаларга яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишиб, муассасанинг бинолари, 4 гектарлик ички ҳудудларида амалга оширилган ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларини бирма-бир кўздан кечирди. Бу борада аҳвол анча ташвишли эканлиги, гарчи бу жой табобат маскани ҳисоблансада тозалик, озодалик ишларига эътиборсизлик, юздан зиёд ходим ишлаётган муассасада оддий ҳашар билан ҳам бир талай ишларни бажариш мумкин бўлган ҳолда афсуски, бунга панжа орасидан қаралаётгани, боқибеғамлик ҳолатларини ҳоким қаттиқ танқид остига олди. Айрим сабабларга кўра муассаса раҳбарини учратаолмагач, бўлим бошлиғи Ш.Бўстоновга қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар бериб, назоратни ўз зиммасига олишини айтди. Шундан сўнг сиҳатгоҳда даволанаётган болаларнинг ҳар бирига спорт кийимлари ва пойафзаллари тарқатилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан болажонларни кўнгли тоғдек кўтарилиб, ҳоким бобога ва тадбиркор акаларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди.
* * *
Шунингдек, Кўҳисахо маҳалласида яшовчи кекса ўқитувчи, меҳнат фахрийси 95 ёшли Хумор момо Шокировани Наврўзи олам билан табриклаш учун унинг уйига туман ҳокими Ш.Жамолов, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси О.Алиев, «Гулобод тонги» газетаси муҳаррири Н.Каримов ва бошқалар совға-саломлар билан келишди.
Табаррук онахон билан бўлган самимий суҳбат узоқ йил эсда қоладиган бўлди. Бугунги кунда 8 чеваранинг катта бувижониси, маҳалла фахри, минглаб шогирдларнинг мўътабар устози (ахир 50 йил 16-умумтаълим мактабда дарс беришнинг ўзи бўладими?) пиру бадавлат Хумор момо суҳбатида бўлган киши олам-олам завқ олиб, ҳикматлар, хотиралар дунёси билан ошно булади.
Қайтиш чоғида у киши дуога қўл очиб, Аллоҳдан эл-юртимиз тинчлиги, оилалар бахти, ёшлар камолини сўради. Ушбу хонадон фариштаси, суюкли момони кўриш, дуосини олишга келувчи маҳалладошлар, шогирдлар, қариндош-уруғлар кўплигидан кўнгил зиёрати Каъба зиёратидан кам эмаслигини англаш қийин эмасди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.