Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“НАФС”НИНГ ҚУЛИ

Нафснинг домига илиниб, унинг қулига айланган кимсалар қилаётган ишлари жиноят эканлигини яхши англасаларда, бу йўлдан ўзларини тўхтатишга журъат этолмайдилар. Оқибатда қилмишлари фош бўлиб, суднинг қора курсисида ўтиргач, қилган ишларидан қаттиқ пушаймон эканликларини бот-бот такрорлайди.

Билъакс, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррардир. “Зарафшон” электр тармоқлари корхонасида чилангар вазифасида ишлаб келган Х.С. исм-шарифли шахс ҳам 2017 йил 30 январда корхона билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, унинг фуқаролардан электр истеъмоли учун пул йиғиш ҳуқуқи бўлмаса-да, ўз нафси йўлида тамагирлик билан, муқаддам ўзи хизмат кўрсатган ҳудуд яъни, туманнинг “Янгиариқ” маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Б. га 550 000 сўм пора эвазига унинг электр энергиясидан мавжуд 1.276.793 сўм қарздорлигини “Зарафшон” ЭТКнинг қайта ҳисоб-китоб комиссияси аъзоси ва ҳуқуқшуноси билан келишган ҳолда компьютер базасидан ўчириб ташлашини айтади. У жорий йилнинг 2 февраль куни Т.Б. яшайдиган уйга бориб ундан 550.000 сўм пулни қонунга хилоф равишда олаётган вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамкорликда ўтказаётган тезкор тадбирда ушланиб, ундаги 550.000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича туман суди Х.С.нинг кирдикорларини атрофлича ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва унга ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 (эллик) баравари, 7.488.750 (етти миллион тўрт юз саксон саккиз минг етти юз эллик) сўм миқдорида жарима жазоси ҳамда ЖКнинг 28,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга давлат органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади, нега кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳамон соҳада муаммолар мавжуд. Яъни айрим шахслар томонидан ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолатлари содир этилмоқда. Ахир, давлат томонидан етказиб берилаётган газ, сув, электр энергияси ҳақини қандайдир фирибгарларга эмас, давлат банкларига ўз вақтида олиб бориб топшириш фуқаролик бурчимиз эмасми?

Т. ЮСУПОВ,
“Гулобод тонги” газетаси мухбири


Дата добавления: 02/10/2017 10:56;   Просмотров: 1252
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку