Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАФС ҚУЛИ БЎЛГАН АЁЛ

Халқимизда «Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладур» деган нақл бор. Бу бежизга эмас. Нафс инсонларни беобрў қилиб, амалидан туширади, шармандаи шармисор қилади. Қарийб беш йилдан бери Пастдарғом тумани 2-сон Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими мудири лавозимида ишлаб келган Насиба Собирова (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтирган жойида, амалидан фойдаланиб, осон пул топишни йўлга қўйди. Аммо кўза кунда эмас кунида синади, деганларидек кунларнинг бирида ўйиндан ўт чиқди...

Пастдарғом туманининг Чимбой қишлоғида яшовчи Норбой Қосимов 2008 ҳамда 2013 йилларда туғилган икки нафар фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш учун Насиба Собированинг олдига келади. Мудира опа Норбой акага керакли ҳужжатлар рўйхатини бериб, уларни йиғиб келишни айтади. Норбой Қосимов барча ҳужжатларни йиғиб келганда унга энди оналик фактини белгилаб бериш бўйича туман фуқаролик судига хат орқали тушунтириш беради. Норбой ака бу ишларни ҳам қилиб келгач, мудирадан гувоҳномани олиш учун қанча тўлов қилиш кераклигини сўрайди. Мудира унга ҳозир банк ғазначиси йўқлигини, ҳар бир бола учун 130000 сўмдан жами 260 000 сўм бериши кераклигини айтади. Норбой ака мудирадан ёрдам беришини, тўловларни камайтиришини сўрайди. Аммо қайси вазиятда қандай пул олишнинг ҳадисини олган Насиба Собирова Норбой акага гувоҳномани олиш учун аслида икки нафар фарзандга 75539 сўм бўлишини билдирмасдан, вақтида олмаганлиги ҳамда давлат божи ва герб йиғими мажбуриятини айтиб, 260 000 сўм сўрайди.
Чекка қишлоқда яшаса-да, ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ва бу адолатсизликка чидай олмаган Норбой Қосимов ИИБ ходимларига мурожаат қилади ва вазиятни тушунтиради. Орада икки кун ўтиб, 2016 йилнинг 11 март куни Норбой ака туман ФҲДЁ бўлимига келади. Мудира пулни ёрдамчиси, банк ғазначисига беришни айтади. Норбой Қосимов пулни ёрдамчи қизга беради. У шундай «уста» ёрдамчи эдики, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш учун тўланадиган пулни ғазнага тушириб, қолганини Насиба Собирова билан бўлиб оларди... Ўша куни улар 260 000 сўмни олиб, 75 539 сўмини ғазнага тўлаб, қолган 184 461 сўмини ўзлари «ютиши» керак эди. Аммо бу ҳаром луқма томоқларидан ўтмади. ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, Насиба Собирова қўлга олинди. Одил суд ҳайъати Насиба Собировага тегишли тартибда жазо тайинлади.
Аёлни ожиза деймиз, маъсума деймиз. Аммо айрим аёлларнинг бундай қилмишларини кўриб, ҳайрон қоламиз. Бундай воқеалар қолганларга ҳам ибрат бўлишини истаймиз. Нафсига қул бўлиб, яқинлари, фарзандларини иснодга қолдирмасликларини тилаймиз.

Х.САФАРОВ


Дата добавления: 18/08/2017 14:43;   Просмотров: 1334
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку