Манзура тушлик тайёрлаш тараддудида турган пайт эшик тақиллаб қолди. Қараса маҳалладан яна вакил келибди. "Тезда гузарга чиқаркансиз қудангиз томондан келишган маслаҳатли иш ҳозир ҳал қилмаса бўлмас экан"- деди у. Аёл дарров рўмолини ўраб кўчага чиқди. Тавба, одамларга ҳам ҳайронман, қиладиган ишлари йўқми фақат давра қуриб ўтиришади. Ўғлим уйим, жойим деб югурсаю, тақдирига яна шунақанги келин учраса! Охирини хайрли қилсин-да ишқилиб...
Маҳаллага келганида қудаси Ойниса "Бу аёлнинг дастидан қизимга кун йўқ. Мен фарзандимни чўриликка бермаганман. Буларнинг оиласи билан келиша олмадик, қизимни ажратиб оламан", деб жаврай кетди.
- Келиним ҳа демай фарзандли бўлади. Наҳотки рўзғор ишларини деб оилага дарз кетса. То тирик эканман ўғлимни кўз очиб кўрганидан айирмайман. Ойниса синглим, оғир бўлинг шу арзимас гап-сўзларни деб болаларимизни ажратмоқчимисиз? Ўғлим ҳам, мен ҳам уни қийноққа солганимиз йўқ, ахир, - дея Манзура уни юпатган бўлди.
Ҳолатни кузатиб турган маҳалла оқсоқоли, бир неча зиёлилар Манзуранинг бева боши билан рўзғорини бут қилишга урингани, фарзандларини одоб-ахлоқли, тўғрисўз, хушмуомила қилиб тарбиялагани, маҳаллада намунали оила эканлигини уқтиришди. Аксинча, Ойнисага қизига тўғри тарбия бермаганлиги учун койишди.
- Туғилажак набирангизни ўйланг, бола ўз ота уйидан эркин, эмин яшайди, - деди оқсоқол. - Тирноққа зор оилалар жуда кўп, ношукурлик қилманг. Эртага набирангиз дунёга келиб, оқу-қорани таниса "Аянгни чўриликдан қутқариб олдим" дейсизми?! Оила юмушлари аёлнинг оддий вазифаси. Қизингизга яна бир бор яхшилаб тушунтиринг. Меҳнатдан ҳеч ким кам бўлмаган.
Ойниса қизига қаради. Қизи нима қиларини билмасдан аясига, дам қайнонасига қарарди. Манзура келинини бағрига босди. Келин ҳаётга енгил қараётганини тушунди. Икки оила муросага келди. Айниқса, қайнонанинг оғир, андишали эканлиги ёшларнинг ажралиб кетишларига йўл қўймади.
Орадан ой ўтар - ўтмас Манзуранинг уйида чақалоқ йиғиси эшитила бошланди. Қуда-андаларнинг шодлигини кўринг. Қўни-қўшни, таниш-билишлар "Набира муборак", деганда уларнинг хурсандчилигини тасаввур қилиш қийин эди...
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.