Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУСТАҚИЛЛИК – ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИ ТАЯНЧИ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов беҳудага “Мустақиллик, бу – қонун” демаган. Бошқача қилиб айтганда, мустақиллик эпкини елди-ю, халқнинг ҳақ-ҳуқуқини асрайдиган янги-янги қонунлар жамиятимиз, халқимиз, она ва бола, бир сўз билан айтганда, бутун мамлакатимиз гуллаб-яшнашини таъминлади. Давлатимизнинг турли соҳадаги қонун пойдеворлари қад ростлади.

Эътироф этиш лозимки, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.
Соғлом бола, соғлом авлод орзуси, аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насаби, тозалигига эътибор берган. Зеро, соғлом оиланинг фарзанди соғлом бўлади. Шу боис оналаримиз табаррук зот ҳисобланади.
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, одамзод мўътабар она сиймоси олдида ҳамиша таъзимда. Ҳадиси муборакда “Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир” дейилган. Оталарни эса падари бузруквор, валинеъмат дейишади.
Эндигина мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг ҳаёти эртага қандай бўлиши атрофдагилар ва жамиятнинг эътиборига боғлиқ. Ҳар бир бугунги ёш эртага жамият ривожига, одамларга нафи тегиши керак. Ана шу мақсадда оилаларнинг мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гаровидир.
Қайд этиш фойдадан холи эмаски, истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб улғайишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Ёш авлодни чуқур билимли, замонавий дунёқараш эгаси қилиб ўстириш баробарида, улар қалбида эзгу туйғуларни юксалтириш, Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш давр тақозосидир.
Ота-оналар фарзандига ишониб, уларни назорат қилмаслиги ёшларни издан чиқармоқда. Улар интернетнинг фойдали томонини билсалар ҳам зиёнидан деярли бехабар. Интернетдаги ахлоқан бузуқ, жангарилик, шафқатсизлик фильмлари ёшларни беҳаёликка чорлайди. “Кўк кит”, “Тинч уй” каби ўйинлар ҳар хил фожиаларга олиб келиш эҳтимоли бор.
Ҳаммамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллигини чексиз қувонч билан бутун мамлакатимиз бўйлаб нишонладик. Бу байрамнинг бош шиори “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” эди. Биз ҳар қанча одобли бўлсак, яхши ўқисак, она Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшсак, Ўзбекистоннинг чинакам фарзанди бўлиб, келажакда янада фидойи кадрлари бўлиб етишамиз.

Фарзона РАҲИМОВА,
Сўзангарон тиббиёт коллежининг
1-босқич талабаси, ЎзМТДП туман Кенгаши “Ёшлар қаноти” аъзоси


Дата добавления: 02/10/2017 10:21;   Просмотров: 1277
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку