Юртимиз мустакқиллигининг 26 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Мазкур айём яқинлашган сари беихтиёр юртимизнинг истибдод давридаги ҳаёти ва истиқлол йилларида амалга оширилган ишлар кишининг хаёлидан ўтади. Тафовутни, тўғрироғи, қилинган ижобий ишлар натижасида халқимиз турмуш тарзи сезиларли даражада яхшиланганини яққол кузатиш мумкин.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳаётида ўтган тарихан қисқа даврда асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон мустақил тараққиёт йилларида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларда улкан натижаларни қўлга киритди. Давлатимиз томонидан таъминланган тинчлик ва осойишталик халқимизга хотиржамлик билан ўзининг фидокорона меҳнати орқали буюк келажак яратиш имконини бермоқда. Халқнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун бўлиб яшаш тамойили янада мустаҳкамланмоқда ва бу мустақиллик йилларида эришган энг катта бойлигимиздир.
Мамлакатимизда ҳар куни бир янгилик. Улар бизга илҳом берибгина қолмай, янада унумли меҳнат қилишга, халққа беминнат хизмат кўрсатишга даъват этади. Юртбошимиз 9 август куни яна бир ҳужжатга имзо чекди. У ҳам бўлса “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридир. Шунга мувофиқ 2017 йилда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Айни пайтда аҳоли турмуш тарзига йўналтирилган бу ишлар жадаллик билан олиб борилмоқдаки, Президентимизнинг доно сиёсатини қўлламасдан иложимиз йўқ.
“Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳам айни чоғда қабул қилинган ҳужжатдир. Қарорнинг муҳим жиҳати шундаки, унга биноан, Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ҳомийлик кенгашининг таркиби ҳамда Фонднинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди. Фонднинг ижро органи бўлмиш Ижроия дирекциясининг фаолият кўрсатиш тартиби белгиланди. Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан ижодкорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, уларга муносиб иш ва дам олиш шароитлари яратиб берилади.
Хуллас, истиқлолнинг шонли 26 йиллигини муносиб кутиб олаётган халқимиз учун ҳамма шароитлар яратилмоқда. Бу билан улар самарали меҳнат қилиб мўл даромад қилишлари, маданий ҳордиқ чиқариб саломатликларини яхшилашлари мумкин. Бўлимимиз ходимлари ҳам байрамни ёруғ юз билан кутиб олиш, 2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш учун бор билим ва тажрибаларини ишга солмоқдалар.
Мурод НОРМАТОВ,
туман 2-сон Давлат нотариал идораси нотариуси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.