Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУСТАҚИЛЛИК – БЕБАҲО НЕЪМАТ

уни асраб-авайлаш, қадрига етиш ҳаммамизнинг бурчимиздир

Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб, Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ўзгача шукуҳ, тантанавор руҳда нишонланмоқда, одамларда байрамона кайфият ҳукмрон. Шу жумладан туманимиз ҳудудларида ҳам ушбу тадбирлар беқиёс мазмун ва маъно касб этмоқда.Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинганидан сўнг, ўтган 8 ой давомида ушбу ғояларга мос тарзда мамлакатимизда қанчадан-қанча қонун ва қарорлар қабул қилинди, Юртбошимиз томонидан фармонлар чиқарилди. Яқиндагина ўз ишини якунлаган Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг янги моддалари фикримизнинг исботи бўлади.
Фуқаролик жамиятимизнинг ҳар бир аъзосини ўрни ва ҳақ-ҳуқуқи янада кўпроқ ҳимояланиб, тикланиб бормоқда.
Мамлакатимиз вилоятлари, шаҳарлари ва туманларида бўлганидек, туманимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси шу йилнинг март ойидан бошлаб фаолият олиб бормоқда.
Мана шу қисқа вақт давомида Халқ қабулхонасига 1000 дан ортиқ ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди.
Бугунги кунга келиб, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилик ва сарсонганчилигига барҳам бериш учун Халқ қабулхонаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиб, ижобий ҳал этилиши учун нафақат туман ҳокимлиги, маъмурий идоралар ва бошқа ташкилот раҳбарларига, балки вилоят миқёсидаги идора ва ташкилотлар ҳамда вазирликлар, уюшма ва қўмиталарга ҳам тўғридан-тўғри юборилмоқда.Катта маблағ ва вақт талаб қиладиган муаммолар эса давлат дастурларига киритилган ҳолда уларни ижобий ҳал этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган вақт давомида Халқ қабулхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ, ФВ, соғлиқни сақлаш, маданият Вазирликларига Давлат мулк қўмитаси, Давлат темир йўл компанияси, Марказий банк ҳамда бошқа юқори орган идораларига фуқароларимиз мурожаатлари кўриб чиқиш учун юборилди, уларнинг аксарияти бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Шунингдек, Халқ қабулхонаси томонидан жойларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши ҳам фуқароларга анча енгиллик яратмоқда.
Шу йилнинг 24 август куни туманнинг Қумзор маҳалласи марказида ташкил этилган сайёр қабулда туман ҳокими Ш.Жамолов, туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, солиқ инспекцияси бошлиғи ва бошқа идора, ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда жами 24 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, улардан 12 нафарининг талаб-истаклари жойида ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.
Ёки бўлмаса, 25 август куни Халқ қабулхонаси биносида туман ҳокими Ш.Жамолов ва бошқа раҳбарлар томонидан 48 нафар фуқаро қабул қилиниб, 10 нафарининг мурожаати шу куни ижобий ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича тегишли идора раҳбарларига маълум бир муддатда кўриб чиқиш топширилди.
Халқ қабулхонасига мурожаат қилаётганларнинг кўпчилиги давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилаётган шароитлар учун ўз миннатдорчилигини билдириб кетишяпти.
Халқ қабулхонаси бундан буён ҳам ўз фаолиятини туман ҳокими ва бошқа идоралар раҳбарлари билан аҳоли манфаати йўлида фикрларини бирлаштирган ҳолда олиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз аҳолисини, асл деҳқонлару, ишчиларини, қалблари меҳрга тўла маориф ва соғлиқни сақлаш ходимларини, барча-барчани давлатимиз Мустақиллигининг 26 йиллиги билан Халқ қабулхонаси жамоаси номидан чин қалбимдан табриклайман.

Ғ.ЖЎРАЕВ, туман Халқ қабулхонаси мудири


Последнее редактирование: 13/09/2017 15:28;   Просмотров: 1307
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку