Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУСАФФО ОСМОН

Осмон кўм-кўк ва тип-тиниқ. Шу қадар мусаффо ва гўзалки, бу беғуборликдан кўз қамашади. Лекин уфқда пайдо бўлган қора булут кўринмас душманнинг нохос бостириб келганига ўхшайди. Нияти одамларнинг хотиржамлигини бузиш. Одамлар орасидаги жипслик ва тотувликка, уларнинг хурсандчиликни мақсад қилган орзу-ҳавасларига ҳасад қилмоқда. Бу кўринмас душман коронавирусдир. Ундан тезроқ қутилиш чораси бутун дунё аҳлининг фикр-ёдини эгаллаган.

Олимлар қаттол вирусни йўқотиш йўлларини қидирмоқда. Балки бераҳм вирус бизни орзуларимиздан айиришни истар. Лекин у билмайдики, биз қудратли, сабр-тоқатли элмиз. Эй, жаллодлик касбига номзодлик қилмоқчи бўлган вирус, қанчалик зулм қилмоқчи бўлсанг ҳам бизни енголмайсан. Чунки бошимизда меҳрибон, Аллоҳнинг ердаги сояси Президентимиз бор, давлат раҳбаримизнинг атрофида жонкуяр ёрдамчилари бор. Бизни ҳамиша зафарга ёр этган мардона байроғимиз қўлимизда, уни баланд кўтариб, худо хоҳласа ғалаба қиламиз.
Мен ёш йигит эдим, корхонада ишлардим. Баъзан навбатчиликка туришга тўғри келарди. Шундай кунларда корхонамиз қоровули бўлган нуроний чол билан суҳбатлашиб қолардим. Кўпни кўрган бу одам ўқимишли бўлиб, гаплари ҳикматли, эшитган кишини ўзига ром этарди. Бир куни навбатчиликда турганимда, кайфиятим йўқлигини сезган қария сабабини сўради.
- Бобо, дунёда ҳамма одамлар ёмонми, - дедим.
У киши менга қараб, жилмайдилар.
- Ўғлим, бу дунёда ҳамма одам ёмон бўлганда ер иккига бўлиниб, барчани ўз домига тортиб кетарди, - дедилар. - Одамларнинг кўпи инсофли, ҳалол, покиза, намозхон. Кечалари Аллоҳга шукрона айтиб дуо қилганларни, қийналганларнинг оҳу фиғонини эшитган Эгам одамларга раҳм-шафқат қилади. Кўриб турибсан, қанча масжид қурилмоқда, ҳамма ер обод. Замоннинг тинчлиги, халқнинг фаровонлиги, бола-чақаларимизнинг хурсандчилиги, буларнинг ҳаммаси Яратганнинг халққа берган мадади. Одамларнинг илтижолари Аллоҳга бориб етади ва у эшитиб, дунёни яхши томонга буради. Дунё тинч экан, орзу-ҳаваслар давом этади. Сен ҳали ёшсан, иродангни мустаҳкам қил, олдингда ҳали қанчадан-қанча тўсиқлар бор. Буларни енгган тақдирингда орзу-ҳавасингга етасан.
Отахоннинг сабр-қаноат билан, жипслашиб, ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамдардлик кўрсатиб инсон яшаса, дунё ҳам унга очиқ-чеҳра билан юз буради ва у муродига етади, деган гаплари ҳеч қулоғимдан кетмайди.
Президентимизнинг халққа қилган мурожаатлари бизга қувват бағишлади, иродамизни мустаҳкам қилди. Кўкка боқинг, осмонимиз мусаффо. Кўнгилни, ниятни унга мосланг.

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ


Последнее редактирование: 08/05/2020 14:45;   Просмотров: 715
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку