Ҳожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валий ўз фаолияти билан Мавароуннаҳр ва Хуросон халқларининг XV асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирган табаррук сиймолардан биридир.
Манбаларда "илоҳий сирлар маорифининг орифи", "Аллоҳ йўли масоликлари солики", "беиштибоҳ валийлик фалагининг қутби", "ҳидоятпаноҳ", "ҳақойиқи огоҳ" дея улуғланган Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валий тасаввуф илми тараққиётида хожагон ва нақшбандлик тариқатининг назарий ва амалий жиҳатларини ҳар томонлама бойитиб, уларнинг кенг тарқалишига катта ҳисса қўшган. Раият ўртасида "валийлик осмонининг қутби" даражасига кўтарилган бу зот сулук аҳли орасида "Нақшбандийи соний" номи билан маълум ва машҳур бўлган.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, уларнинг натижаларини "туш кўриш" орқали баён этган, бўлажак воқеа-ҳодисалар ҳақидаги кашфиётларини "тушда кўрдим" дея таъбир этган. Шу туфайли унга валийлик (авлиёлик) нисбати берилган, яъни у "Хожа Аҳрори Валий" номи билан улуғланган. Унинг бу хислати эзгулик, эзгу ахлоқ сари йўналтирилган бўлиб, фуқаро орасида илоҳий файзнинг кенг ёйилишига, шунинг билан бирга, исломий ҳақиқат ва ишонч-эътиқоднинг мустаҳкамланишига замин бўлган. Халқ бу зотни улуғлаб, чин ихлос билан тилга олган. Хожа Аҳрор Валийда нафсга берилиш туфайли ўлик сифат қалбларни тирилтириш ва маънавий камолотга эриштириш Ҳазрати Исо алайҳиссаломнинг ғойибдан илоҳий тарбияси орқали намоён бўлган. Шу йўлда бутун умрини бағишлаб, нақшбандийлик тариқатининг "Дил ба ёру даст ба кор" деган машҳур таълимоти асосида дилни Аллоҳ билан боғлаган ҳолда касб-ҳунар ва меҳнатни тарк этмай, умрни фойдали ва мазмунли ишларга сарф этишга даъват этган: "Одам шунчалик улуғворлиги билан ўз вақтини арзимас нарсалар учун зоеъ қилмоғига ҳайфим келади".
Салкам тўқсон йиллик умрини хайрли ишларга сарфлаган буюк алломанинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт тарзи, юксак ахлоқи, эзгу амаллари таҳсинга сазовордир.
Туман имом- хатиби
Баҳодур ШАРИПОВ
тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.