Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУРОЖААТНОМА ҚИЗҒИН ЎРГАНИЛМОҚДА

7 февраль куни Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасининг педагог-ходимлар орасида тарғибот қилишга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Уни коллеж директори М.Кичибоев кириш сўзи билан очди. Ижтимоий фанлар ўқитувчиси Сурайё Саидова Президентимиз Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини педагог ходимларга тақдим этди.

Жумладан, Мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналишлар, таққослама таҳлиллар, салбий боғлиқликда чиқарилган хулосаларни кенг жамоатчиликка етказиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий тафаккурини юксалтириш, тасаввур доирасини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, ундан нафақат ўқувчилар, балки педагог-ўқитувчилар, тарғибот-ташвиқот гуруҳи вакиллари ҳам фойдаланишлари айтиб ўтилди.
Тақдимотда нима учун 2018 йил "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб ном берилгани, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилгани, ўтган йили яхши ният билан бошлаган ишларнинг натижасини кўрсатиб тургани яна бир бор эсга олинди.
Хусусан, тақдимот педагог ходимларнинг иш ҳақи сўнгги 10 йилда биринчи маротаба 50 фоизгача кўпайтирилгани ва ҳар бир соҳа ишчилари ихлос ҳамда ўз ишларига масъулият билан қарашлари айтиб ўтилди.
Маълумки, бугунги кунда юртимизда, чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Албатта, йил мобайнида амалга оширилган ишлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, бундай мисолларни келтириш, қайд этишдан мақсад - кўкракка уриб мақтаниш эмас. Биз бундан мутлақо йироқмиз. Бизнинг мақсадимиз - ўтган бир йиллик тараққиёт йўлимизни холисона ва танқидий баҳолашдан иборат эканлиги йиғилишда қатнашганларга яна бир бор эшиттирилди.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция - бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболиға бўлмайди.
Шуни инобатга олган ҳолда 2019 йил - "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб эълон қилингани бежиз эмас. Қолаверса, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ушбу масала бўйича Президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йилнинг 1 январдан бошлаб, ишлайдиган барча пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланиши белгиланди ҳамда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача ошириш бўйича янги тизим жорий этилаётгани ҳақида тақдимотда маълумот бериб ўтилди.
Семинар-тренинг баҳс-мунозараларга бой, кўтаринки руҳда ўтди.

Қ.ФОЗИЛОВ,
Иқтисодий фанлар кафедраси мудири


Дата добавления: 15/02/2019 12:01;   Просмотров: 864
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку