Халқимиз болажон. Ўғлини “отам”лаб, қизини эса
“онам”лаб эркалайди. Уларнинг кулгуси олам
мунавварлигига менгзалади қўшиқларда.
Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб ўстириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар замирида ҳам фарзандлар саодатини кўришдек эзгу мақсад мужассам. Ҳар йили Янги йил айёми арафасида навқирон авлодга эътибор ва ғамхўрлик ифодаси яна бир бор бўй кўрсатади. Камалакранг чироқлар билан безатилган арча атрофида байрам тантаналари ташкил этилиб, ўғил-қизларга “Президент совғаси” улашилади.
Худди шундай тантана туманнинг “Баҳром бобо” базмгоҳида бўлиб ўтди. Кам таъминланган оилалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўғил-қизлар, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари фарзандлари безатилган дастурхон атрофида ўтиришибди. Болалар базмгоҳ ўртасидаги безатилган арча атрофида айланиб қўшиқ ва шеърлар айтишди.
Тадбирни туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Ражабов очди ва барча болажонларни Янги йил байрами билан қутлади. Ўз навбатида туман бош имом-хатиби Б.Шарипов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси А.Алиев, туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Шодиева ва бошқалар сўзга чиқишди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари, 12-болалар мусиқа ва санъат ҳамда 44-умумтаълим мактаби ҳаваскорлари ижросида қуй-қўшиқлар янгради. Унда болажонлар ўйин-кулги қилишди ва рақсга тушишди.
Тадбир сўнгида болажонларга Президент совғалари, туман ҳокимлиги ва ҳомийларнинг совға - саломлари топширилди.
Н.ОЛИМОВ
Суратда тадбирдан кўриниш акс этган.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.