Тумандаги Хожа Аҳрори Вали маҳалласида жойлашган "Версаль" базмгоҳида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодлар билан сайловчилар учрашуви бўлиб ўтди. Унда Мирзо Улуғбек, Хаймар, Хожа Аҳрори Вали, Чоршанба, Сулфакабутак, Гулбоғ ва бошқа маҳаллалардан келган сайловчилар қанташдилар. Учрашувни 68-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Насриддин Садуллаев қисқача кириш сўзи билан очди.
Дастлаб, депутатликка номзодлар, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзоси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши раиси Абдулло Аслоновнинг ишончли вакили Завқиддин Эргашев, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси, Тойлоқ туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Мавсума Мирвафоеванинг ишончли вакили Зарина Раҳмонова, Ўзбекистон "Адолат" социал - демократик партияси аъзоси, Тойлоқ туманидаги "Акмал Тошпулотович" фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Муҳаммадиевнинг ишончли вакили Эркин Мавлонов, Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси, Самарқанд таянч тиббиёт коллежининг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Зебо Саидованинг ишончли вакили Анзурат Хонхўжаева, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси аъзоси, Самарқанд вилоят перинатал маркази директори Лола Ҳамроеванинг ишончли вакили Фируза Луқмоновалар депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳол ва дастурлари билан таништирди. Шундан сўнг депутатликка номзодлар ҳам минбарга чиқиб ўзларининг келгуси режалари хусусида гапирдилар. Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгашига депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари ҳам сўзга чиқдилар.
5- Хожа Аҳрори Вали округидан туман Кенгашига номзод, туман ҳокими Носир Мавлоновнинг ишончли вакили Зоҳир Ҳасанзода тўпланганларга номзоднинг сайловолди дастурлари ҳақида гапириб берди.
- Носир Мамарасулович туман ҳокими вазифасига тайинланганига кўп вақт бўлган эмас, - деди нотиқ, аммо аллақачон у киши томонидан бир талай ибратли ишлар амалга оширилди. Ишончимиз комилки, туман ҳокими депутат сифатида ҳам хайрли ва муҳим ишларга эътибор қаратади. Айниқса, тарихий ва муқаддас шахс бўлган Нақшбандия тариқати пешволаридан бири, у зотнинг "Дил ба ёру даст ба кор" даъватига таяниб ҳаёт ва фаолият олиб борган ва шу маконда мангу қуним топган Хожа Аҳрори Вали номидаги маҳалла ҳақиқий зиёратгоҳга айланишига муносиб улуш қўшади, деб умид қиламиз.Тадбирда Носир Мавлонов ҳам сўзга чиқиб, ўз дастурини гапириб берди. Худди шундай номзодлар билан учрашув "Ҳамдамбобо" базмгоҳида Оҳалик, Миронқул, Янгижой, Янгиариқ, Меҳробод маҳаллалари аҳолиси иштирокида ҳам бўлиб ўтди.
Баҳодир ЗОҲИР,
Мант ва суратлар муаллифи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.