Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУҚАННА ОЗОДЛИК КУРАШЧИСИМИ?

Ҳар бир халқ ўзининг миллий қаҳрамонлари, эрксевар фарзандлари, жасур саркардалари билан фахрланади. Ватанимиз тарихида ҳам бундай шерюрак, жасоратли баҳодирлар, халқ қаҳрамонлари кўп ўтган. Аммо, афсуски, улар орасида турли давру давронлар, эврилишлар туфайли, мавжуд сиёсий қарашлар нуқтаи назаридан "яратилган" қаҳрамонлар, сохта "эркпарвар фидойилар" ҳам юзага келган. Вақт ўтиб, мафкуравий ҳукмронлик барҳам топса-да, айрим "қаҳрамонлар" халқ онгу тафаккурида ҳали ҳам "мардлик ва жасорат" тимсоли бўлиб яшаб келмоқда. Улардан бири Муқанна номи билан халқ ичида танилган, келиб чиқиши эронийларга бориб тақаладиган Ҳошим ибн Ҳакимдир.

"Мен асло ўлганим йўқ..."
Маълумки, собиқ совет мафкураси халқлар тарихини сохталаштириш, миллий ўзлигидан, теран томирларидан йироқлаштиришга қаратилган эди. Мафкура талаби билан миллатнинг асл фарзандлари четга сурилиб, аксарият ҳолларда хоинлар, ўз миллатига, динига, халқига қарши бош кўтарган сохта "қаҳрамонлар" яратилганди.
Совет ҳукмронлиги йилларида диний қадриятлар оёқости қилинди. Дин халқ учун афюн экани очиқ-ошкора тарғиб қилинди. Тарихда яшаб ўтган, ўзининг бемаъни даъволари, шафқатсизлиги, маишатпарастлиги билан донг таратган Ҳошим ибн Ҳаким "эрк ва озодлик курашчиси"га айланди. У ҳақида шеърлар, достонлар яратилди. Тарих дарсликларида Муқаннанинг қаҳрамонликлари ёш авлод учун ибрат намунасига айланди. Унинг номидан айтилган шеърий мисралар минглаб адабиёт ихлосмандларига ёд бўлиб кетди:
Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ;
Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман!
Афсуски, бугунги кунда ҳам кўпчилик уни юртимиз, ватанимиз озодлиги учун курашган, араб босқинчиларига қақшатқич зарба берган юртпарвар сифатида билади. Аксинча, ҳанузгача унинг халқимизга на жуғрофий, на миллий, на диний жиҳатдан алоқаси борлиги ҳақида деярли гапирилмайди.
Ҳошим ибн Ҳаким ким эди?
"Бухоро тарихи" асарининг муаллифи Абу Бакр ан-Наршахий Муқанна ва унинг фаолияти ҳақида энг ишончли тафсилотларни ёзиб қолдирган тарихчилардан биридир.
Унда ёзилишича, Муқанна Марв (Ҳозирги Туркманистон) яқинидаги Коза қишлоғида туғилган, даставвал кудунггарлик (матони тўқмоқ билан уриб текислаш) ҳунари билан шуғулланган, аббосийларнинг етакчи саркардаларидан бирига айланган. Кейинчалик ўзини пайғамбар деб эълон қилган ва одамларни ўзининг ғайриоддий хислатларига ишонтиришга уринган.
Унинг боши кал, бир кўзи кўр, юзи жуда хунук бўлгани учун юзида олтин ниқоб тақиб юрган ва шу тахлит "муқаннаъ" (ниқобли) деган лақаб олган. Ўзи эса "менда Аллоҳнинг ҳусни тажалий этади, агар юзимни очсам, унинг нури кўзларингизни кўр қилади" деб одамларни ишонтирган. Шу боис уни Марвдан Бағдодга олиб келиб, бир муддат зиндонга ташлашади. Зиндондан чиққач, яна Марвга қайтиб, одамларни йўлдан уришга, ўзининг пайғамбарлигига ишонтиришда давом этди. Унинг таълимотига кўра, Аллоҳ дастлаб Одам атони яратиб ўзи унинг танасида зуҳур этган. Кейин унинг руҳи Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва бошқа пайғамбарлар жисмига кўчиб ўтган. "Айни пайтда Худо менман, Худо менинг танамдадир" деб даъво қила бошлаган.
Шундан сўнг у ўз атрофига муридларини тўплаб, атрофдаги қалъа ва шаҳарларга элчиларини юборади. Уни тан олмаганларга қарши уруш эълон қилади. Хуросон ва Мовароуннаҳрда унинг тарафдорлари кўпая борди. Улар 777 йилда "Оқ кийимлилар" номи остида араб халифалигига қарши исён кўтарадилар. Муқанна Кеш ва Нахшаб (Қарши ва Шаҳрисабз) вилоятларини ўзининг таянч масканларига айлантиради. Шу ерда, баланд тоғдаги бир қалъани ўзига ҳарбий истеҳком қилиб белгилайди.
Аббосийлар халифаси Муҳаммад Ал-Маҳдий (775-785) унга қарши катта қўшин жўнатади. Бироқ, Муқаннага кўр-кўрона бўйсунган тарафдорлари тиш-тирноғи билан мусулмонларга қарши курашадилар.
Наршахий, Табарий, Беруний сингари буюк олимлар Муқанна халқнинг бошига катта балолар солгани, бузуқлик ва фаҳшни тарғиб қилгани, мусулмонларни талаб, ўзларини ўлдиргани ҳақида маълумотлар ёзиб қолдиришган. Муқанна қаерда чиройли аёл ёки қиз борлигини эшитса, ўз қалъасига келтирар, улар билан истаганча кўнгилхушлик қиларди. Унинг ўзи тобелари учун зино, бесоқолбозлик, талончилик, босқинчилик сингари қабиҳ ишларга рухсат берганди.
Наршахийнинг гувоҳлик беришича, Муқанна ўз тасарруфида бўлган ҳар бир қишлоққа ўзининг вакилларини тайинлар, шу қишлоқда турмушга узатилган ҳар бир бокира қиз бир кечани ўша вакил билан ўтказиши мажбур эди.
"Яратган"нинг "жамоли"
Муқанна ҳақидаги тўқима афсоналар турли вилоятларга ёйилган, айрим содда одамлар бу чўпчакларга лаққа тушиб, уни кўрмасдан имон келтиришарди.
Кунларнинг бирида Муқаннанинг юзлаб "муридлари" унинг дийдорини кўриш умидида у яшайдиган тоғ этагига келиб, уни кўрмоқчи эканликларини айтадилар. Муқанна ўз сири очилиб қолишидан қўрқиб, мулозимларига "қулларимга чиқиб айт, улар менинг нуримга тоқат қилолмай, кул бўлишади" деб буюради. Аммо, одамлар "парвардигорлари"ни кўриш учун ҳатто ўлимга ҳам рози эканликларини айтишади. Шунда Муқанна бир ҳийла ишлатиб, "банда"ларга кўриниш берадиган кунни тайин қилади. Ўзи эса, ўша белгиланган кунда қалъасидаги аёлларга тоғнинг кунгай тарафида туриб, қўлларидаги кумуш кўзгу парчаларини қуёшга тутиб туришни буюради. Қуёш Шарқдан тушиши билан унинг нури тоғда турган аёллар қўлидаги кўзгу парчаларида акс этиб, ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетади. Буни "илоҳий каромат" ўрнида қабул қилган одамлар Муқаннага сажда қиладилар.
Бу каби сохта "мўъжизалар" Муқаннанинг шон-шуҳратини тобора орттирарди.
Муқаннанинг ўлими
Табиийки, Муқанна тарафдорларининг кундан-кунга ортиши Аббосийларни ташвишга солиши аниқ эди. Аммо, Муқаннанинг тарафдорлари унинг ҳимояси учун жонларидан кечишга шай туришарди. 783 йилда Аббосийларнинг Ҳиротдаги ноиби Саъид Хараший катта лашкар билан Муқанна қалъасини қамал қилади. Тоғ тепасидаги қалъага бирор бир аскар тирмашиб чиқа олмас эди.
Бироқ, узоқ вақтлик қамалга дош беролмаган Муқаннанинг кўплаб хос соқчилари қалъадан чиқиб, араблар мусулмонларига таслим бўладилар. Муқанна эса, қалъа ичида фақат аёллар билан қолганди. Муқанна ўша онда аввал аёлларини, кейин ўзини ўлдиришни ният қилади. У аввалига хизматкорларига қалъа ичидаги тандирга олов ёқиб қизитишни буюради. Уч кун тандир обдон қизийди.
У аёлларига шароб тутиб, уларга яширинча заҳар солади. Фақат биргина аёл шаробни ичмасдан ёқасининг ичига тўкиб юборади. Аёллар бари шаробни ичиши билан ерга йиқилади. Ҳалиги аёл ҳам ўзини ўлганга солади. Муқанна тирик қолган хизматкорини ҳам ўлдириб, ўзини қизиб турган тандирга ташлайди.
Шундай сўнг ҳалиги аёл қалъа эшигини очиб, мусулмонларни ичкарига киритади ва бўлган воқеаларни айтиб беради. Шу тариқа, халқни ўн тўрт йилдан зиёд вақт мобайнида алдаб келган Муқаннанинг фириб ва найрангдан иборат ҳаёти интиҳо топади.
У ким учун курашди?
Унинг тарафдорлари узоқ вақт мусулмонларга қарши кураш олиб боришади. Чунки улар Муқаннанинг бошқа қиёфада қайтиб келишига ишонишарди. Орадан йиллар ўтиб, Муқаннанинг фитналари фош бўлди. Тарихчилар унинг қилмишларини келгуси авлодларга ибрат бўлиши учун ўз китобларида ёзиб қолдирдилар.
Муқанна асрлар давомида даҳрийлик, муртадлик, макр ва найранг тимсоли бўлиб келди. Фақатгина совет ҳукмронлиги йилларида, ислом дини кескин таъқиб ва таъқиқ остида олинган йилларда фирибгар, талончи Муқаннадан қаҳрамон ясаб, уни халқ онгига сингдиришга уринишди.
Аслида аниқ манбалардан кўриниб турибдики, унинг ўзи ҳам дастлаб арабларга хизмат қилган. Унинг асл мақсади халқни араблар зулмидан озод қилиш эмас, аксинча ўзининг сохта динини ёйиш, одамларни макр-ҳийла билан ўзига бўйсундириш, ҳукмронлигини мустаҳкамлаш эди. Аммо, тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Муқаннанинг ишончли манбаларда акс этган кирдикорлари унинг ким эканини эътироф этиш учун кифоядир.

Рустам ЖАББОРОВ


Дата добавления: 08/01/2020 17:16;   Просмотров: 722
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку