"2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларига асосланган Ҳаракатлар стратегияси" турли соҳалардаги мавжуд камчилик ва муаммоларнинг оқилона ечимини топиб, инсонпарварлик, адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаш, эркин фуқаролик жамиятини равнақ топтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Бунда айниқса оила масаласига, маҳалла тинчлиги, мактаб, мактабгача тарбия, огоҳликка даъват масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Оила – муқаддас қўрғондир. У – ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлод учун бетакрор тарбия ўчоғидир. Халқимизда "қуш уясида кўрганини қилади", "Нима эксанг, шуни ўрасан", "Эркалатса онаси, талтаяди боласи" каби мақоллар бежизга айтилмаган. Самарқанд туманида аҳоли сони 239601 нафарни ташкил этади. Шундан эркаклар сони 113765 нафар, аёллар сони 120498 нафар бўлса, оилалар сони эса 60087 тага етган. Демак мана шу қарийб 61 мингта оиланинг ҳар бирида ўртача икки-уч нафардан болалар тарбияланмоқда. Тарбияланишгаку тарбияланяпти, аммо қай йўсинда, қай тариқа?! Улар учун оилада, мактабгача тарбия муассасасида ёки мактабда барча шарт-шароитлар яратилганми? Муаммолар йўқми, деган саволлар туғилади. Бу ерда энг долзарб муаммолардан бири, мактабгача ёшдаги болаларнинг бари МТМларга қамраб олинган-олинмаганидир. Табиийки, уларнинг 30 фоизи ҳам қамраб олинмаган. Хўш, унда нима қилиш керак, МТМлар етишмайдими, мутасадди ташкилотлар фаолияти сустми, ёки ота-оналар айбдорми!? Негаки, бугунги кунда мактабнинг 1-синфига борадиган ўқувчи Халқ таълими Вазирлиги қўйган талаблар асосида сараланиб, турли синовлардан ўтказилган ҳолда қабул қилинади. МТМларга бормаган бола эса бу талабларга жавоб беролмаслиги аниқ. Хўш унда ушбу муаммонинг ечими ким томонидан ҳал этилади?
Туманимизда мактабгача тарбия муассасалари сони 33 та бўлиб, тарбиячилар сони 3790 нафарни ташкил этар экан. Ана шу оилаларда тарбияланаётган вояга етмаган болалар сони 60692 нафар экан, ушбу рақамларни 33 та МТМга бўлсак, қамров қай даражада эканлиги ойдин бўлади, қўяди.
Туман ҳудудидаги мактаблар сони 54 та бўлиб, уларда 20647 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олишмоқда. Уларнинг билим олишлари, спорт ва бошқа тўгаракларда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароитлар бадастур этилганми? Башарти балоғат ёшига қадам қўйган йигит-қизларимизнинг бўш вақтлари масаласида бўшлиқ пайдо бўлса, ижтимоий тармоқлар орқали жирканч ниятларини амалга ошираётган душманларимиз бундан оқилона фойдаланишиб, ёшларни турли зарарли оқимларга қамраб олишлари ҳеч гап эмас. Хўш, бу борада қандай ишлар олиб борилаяпти? Негаки бугунги кунда расмий маълумотларга қараганда туманимизда содир этилган жами жиноятлар сони 88 та бўлиб, уларнинг бир қисми вояга етмаган ёшлар томонидан қилинаётганлиги ачинарлидир.
Туман ички ишлар бўлимида профилактик ҳисобда турувчилар сони 318 нафарни ташкил этиб, шундан илгари судланганлар 29 нафар, маъмурий назорат остида турувчилар 21 нафар экан. Ана шундай маъмурий назорат ўрнатилганлар 13 нафар ва маъмурий назорат ўрнатилмаганлар устидан назорат олиб бориб, шундан 4 нафари суднинг карори билан қўйилган чекловларини бажармаётганлиги аниқланди ва Ўз Р.М.Ж.К нинг 206-моддаси билан тегишли чора кўрилиши таъминланди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасида қуйидаги ишлар амалга оширилди. 14 нафар жиноят килишга мойил шахсларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 7 нафар мақсадсиз юрган, ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган шахслар ИИБ реабилитация марказига жойлаштирилган. Спиртли ичимликка ружу қўйган, оиласи нотинч бўлган 4 нафар шахс суд қарори асосида бир йиллик даволаниш муддати билан наркология шифохонасига жойлаштирилган. Яна 7 нафари ўз аризасига кўра ушбу шифохонага ётқизилган. Демак, оила ва маҳалла тинчлиги, осойишталиги борасида бир қатор ишлар қилинган.
Биз ҳар жиҳатдан уларга ибрат бўлишимиз керак. Шундагина миллий қадриятларимиз, бетакрор анъаналаримиз улар онгига чуқурроқ сингишиб боради. Айтайлик, кексаларга ҳурмат масаласи. Тумандаги пенсионерлар сони - 23872 нафар, ногиронлар сони 4363 нафар, якка ёлгиз кексалар сони - 49 нафарни ташкил этади. Бу борада бир қатор ибратли тадбирлар амалга оширилаётганлиги кишини қувонтиради. Масалан, кексалар, меҳрга муҳтож қариялар ҳолидан хабар олиш борасида қилинаётган ишлар ёш авлодга намуна сифатида кўрсатса арзийдиган даражада бўлаётир Жумладан, туман ҳокимлиги, ИИБ раҳбарияти ва бошқа бир қатор ташкилотлар вакиллари томонидан Юқори Туркман махалласидан Истам Сувонова, Ўрта Туркман маҳалласидан Жумагул Жумақулова, Қуйи Туркман маҳалласидан Раъно Комилова, Юқори Қайнама маҳалласидан Хосият Жалолова, Қуйи Қайнама маҳалласидан Маҳкам Муродова, Навбоғ маҳалласидан Икрома Аҳмедова, Захлик маҳалласидан Зуҳра Асланова, Миришкор маҳалласидан Шарофат Джуманазарова, Ипакчи маҳалласидан Кубаро Юнусова, Янгиобод маҳалласидан Маҳбуба Туйғунова каби меҳрга муҳтож, якка- ёлғиз, касалманд қариялар аҳволидан хабар олинганлиги, совға-саломлар улашилганлиги бунга мисол бўла олади.
Кўриниб турибдики, 3-сектор томонидан бу борада бир қатор ижобий ишлар олиб борилган. Аммо, таассуфлар бўлсинки, маҳаллаларимизда ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Жумладан, Юқори Қайнама, Қуйи Қайнама маҳаллаларида кўчалар асфальт қилинмаган. Ҳолбуки ўйдим -чуқур, ёмғир ёғса кўлмаклар пайдо бўладиган бу кўчалардан ёш авлод мактаб ва МТМларга қатнайди.
Ушбу ҳудуддаги шифохоналар сони 1 та, оилавий поликлиникалар сони 3 та, ҚВП лар сони 7 та бўлиб улар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун етарлими, деган ҳақли савол туғилади. Албатта етишмайди. МФЙ сони 7 та бўлиб, спорт иншоотлари сони 26 та. Демак бу ҳам етарли даражада деб бўлмайди. Ушбу маҳаллаларда замонавий поликлиника, мактабгача таълим муассасаси йўқ. Ваҳоланки, Юқори Қайнама, Қуйи Қайнама маҳаллаларида 5120 нафар аҳоли истиқомат қилади. 640 нафар 7 ёшгача бўлган болалар бор. Ушбу маҳаллаларнинг болалари қатнайдиган 49-умумий ўрта таълим мактабида 580 нафар бола таълим-тарбия олади. Гарчи янги қурилган бўлса-да бу ерда спорт зали ва турли тадбирлар ўтказиладиган мажлислар зали йўқ. Боз устига синф хоналари етишмайди. Баъзи синфларда 40 нафардан бола ўқийди.
Мазкур икки маҳалланинг ўзида ҳам турли байрамлар ўтказиладиган жой, нуронийлар чойхонаси йўқ. Чойхона учун ажратилган майдон 4-5 йил бурун бир тадбиркор томонидан олинган, аммо у на ўзи учун "Супермаркет" ва на маҳалла учун чойхона қурган. Хуллас, муаммолар талайгина. Аммо, жуда ваҳима қиладиган даражадаги муаммолар эмас, аста-секин қилса бўлади.
Фотима ҚУДДУСОВА,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.