Президентимизнинг: "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак", деган эзгу ғояси аҳоли билан мулоқотнинг самарали тизимига, мавжуд масала ва муаммоларнинг жойида ижобий ҳал этилишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Бу сафарги сайёр қабул туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида Халқ қабулхонасида ўтказилди. Унда тумандаги барча давлат ва жамоат ташкилотлари, Халқ қабулхонаси аппарати, 4 та сектор раҳбарлари, диний муассаса ва ОАВ вакиллари ҳозир бўлишди.
Туман ҳокимининг қисқача кириш сўзидан сўнг қабул жараёни бошланди.
Навбат билан қабулга кирган 35 нафар фуқаро ўзлари ва маҳалла аҳлини ташвишга солаётган, қийнаётган муаммоли масалаларни ўртага ташладилар.
Бизнинг Янгиработ маҳалламиз шаҳар билан ёнмаён жойлашган булиб, сув, электр энергияси, газ, таъминоти шаҳар идоралари билан боғлиқ. Фарзандларимизнинг кўпчилиги шаҳар мактабларида таълим олмоқда, аммо маъмурий-территориал жиҳатдан туман тасарруфидамиз,-дейишди маҳаллада истиқомат қилувчи тиббиёт ходими С.Алиева.
Кўп йиллардан буён халқимизнинг маҳаллани шаҳар тасарруфига ўтказиш ҳақидаги талаб-мурожатлари ўз ечимини топмай қолмоқда.Турли ёзишмалар, ваъдалар, ҳужжат йиғишлардан чарчадик. Туман марказига келиш учун учта транспорт хизматидан фойдаланишга мажбурмиз. Ортиқча оворагарчилик,вақт йўқотишни айтмайсизми? Нахот туман шаҳар ва вилоят ҳокимликлари бир бўлиб, келишиб, қонун талаблари асосида бизнинг мушкулимизни осон қила олмайдилар?! Бу масалага туман ҳокими уз муносабатини билдириб, кўпи билан бир ой ичида қонуний ечим топилишига амалий ёрдам беражагини айтди. 4-5 киши бўлиб келган маҳалла аҳли хурсанд бўлиб қайтишди.
Чаман маҳалласидан қ.Шарипов, М.Каримова, Юқори Қайнамалик Р.Бердиев Қуйи Арабхонадан Л.Субҳонқулова, Ўрташиқдан Ш.Шарипов, Сулфакабудакдан Д.Абдулҳақова, Туркманлик Ф.Мажидов, Марказий Арабхонадан Н.Муҳаммедова, Гулбоғлик М.Муйинова сингари фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этиладиган бўлди. Кўпчиликнинг масалалари эса жиддий ўрганиш ва хулосалар тақдим этишга йўналтирилди.
Асосий мақсадимиз-халқимизни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кунга ишонч билан яшашларига эришишдан иборат ,-деди ҳоким қабулга якун ясар экан. Олдимизда шошилинч, ечимини кутаётгандолзарб вазифалар кўп: Паррандачилик маҳалласи, Юқори Оҳалик, Янгижой, Илонсой, қишлоқларидаги бунёдкорлик ва ободончилик ишларини тезлаштириш, сифатли якунлаш керак. Энг аввало, қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўриш, ижтимоий объектларни иситиш воситалари билан тўлиқ, бекаму кўст таъминлаш, таълим муассасалари атрофидаги ноқонуний қурилишларга чек қўйиш, аҳолини электр энергияси, суюлтирилган газ баллони билан ўз вақтида узликсиз таъминлашга мутасадди идоралар раҳбарлари шахсан жавобгардирлар. Сектор раҳбарлари ўз ишчи гуруҳлари билан ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарор сақлаш, ҳар бир хонадон, маҳалла, мактаб, МТМ, тиббий муассасалар, корхона ва ташкилотларнинг тизимли, серунум фаолиятига бош-қош бўлишлари, жамоатчилик назоратини кучайтиришлари мақсадга мувофикдир.
Н. Каримов
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.