Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Муаммолар ечимидан АҲоли мамнун

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонасида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Унда туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида барча давлат ва жамоат ташкилотларидан раҳбар ходимлар, етакчи мутахассислар ҳозир бўлишди. Қабулда туман ҳудудларидан келган 50 нафардан зиёд фуқаро ўз оила ва маҳалла аҳолисини қийнаётган 62 та муаммоли масалалар юзасидан мурожаат этишди.

Шундан 14 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 26 таси тегишли ижро идораларига ўрганиш ва қонуний ечим топиш учун топширилди, қолган қисми бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди. Ҳар бир мурожаат тегишли тартибда рўйхат асосида назоратга олинди.
Жумладан, Оқмачит маҳалласидан тадбиркорликни ихтиёр этган Зебо Қодировага хусусий китоб савдо дўкони бунёд этиш учун ер ажратиш ҳақидаги талаби қондирилди. Ёки Жўйи Аббос маҳалласида яшовчи, шароити оғир онахон Моҳира Сатторовани имтиёзли тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш масаласи ижобий ечим топди. Қўйи қайнамалик Расул Оллоёровнинг уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари билан кўмаклашиш, туяқушчилик билан шуғулланмоқчи бўлган Рустам маҳалласи фуқароси Заррух Самандаров ва жўйисойлик Сўҳроб Турсуновга ер, Ўрташиқ маҳалласидан Санжар Асатиллоевга замонавий мини-футбол майдони барпо этиш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳам қисқа муддатда амалга ошириладиган бўлди.
Аммо ҳар бир қабулни кутиб турли важ-карсонларни рўкач қилаётган айрим дангаса ва боқиманда кайфиятдаги кишилар ҳамон бу бедаво "дард"дан фориғ бўлмаётганига нима дейсиз? Улардан-да оғир шароитда мардонавор ҳаёт кечираётган ориятли, ҳамияти баланд тумандошларимизни кўриб ғурурланасан киши. "Олма пиш, оғзимга туш" дегувчилар замони ўтди, дегимиз келади, холос.

Ўз мухбиримиз


Дата добавления: 22/03/2019 13:09;   Просмотров: 821
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку