Туман ҳокими Б.Қодиров бошчилигида навбатдаги сайёр қабул узоқ ва аҳолиси кўп ҳудудлардан бири бўлган собиқ Катта-қўрғонариқ қишлоқ фуқаролар йиғини биносида амалга ошди.
Мурожаат қилувчилар билан бевосита мулоқотларда иштирок этиш биз қалам аҳли учун ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Қабулда туман ҳокимлиги, бўлим ва бошқармалар, ер, мулк, кадастр хизмати, солиқ, газ, электр тармоғи, нафақа жамғармаси, тиббиёт, халқ таълими, ҳудуддаги ўзини ўзи бошқариш органи мутасадди раҳбарлари иштирок этишди. Шу куни 26 нафар кексаю ёш фуқаронинг оилавий, ижтимоий, шахсий аҳамиятга молик мурожаатлари, йиллар давомида ечимини топмаётган айрим муаммолар эшитилди, деярли 60 фоизи ижобий ҳал этилди, қолганлари эса ўрганиш ва бартараф этиш жараёнида.
Қуйи Арабхона маҳалласидан фуқаро М.Аҳтамовага қурилиш материаллари олишда кўмаклашиш, Хўжасоатлик Эркин Муталибовга иссиқхона барпо этишда ер ажратиш, Қуйи Чордарадан Зулхумор Одиловани (2-гуруҳ ногирони) оёқ протези билан таъминлаш, Муҳайё Сатторовага ногирон боласи учун аравача (коляска) ажратиш каби ўнлаб масалалар жойида ўз ечимини топганлиги қувонарли ҳолдир. Албатта, жойларда халқ билан учрашув, юзма-юз мулоқотнинг тагида олам-олам маъно-моҳият ва давлат сиёсати ётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Муҳтарам Президентимизнинг “Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир” деган доно сўзлари нақадар ҳақ эканлиги ушбу сайёр қабулда яна бир бор ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудири Ғ.Жўраев ушбу қабул маросимида иштирок этди.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.