Яқинда Андижони маҳалласи ҳудудида жойлашган 39-умумий ўрта таълим мактабининг мажлислар залида Андижони, Кўлба ва Навобод маҳаллалари фуқаролари вакиллари иштирокида туман кенгашининг депутати Абдужаббор Умаров билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда шунингдек, туман ички ишлар бўлими, жиноят ишлари бўйича туман суди, "Сувоқова" ва "Тоза ҳудуд" унитар корхоналари ва мажбурий ижро бюроси идораси ходимлари ҳам қатнашдилар. Унда тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, майда безорилик, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллаларда ичимлик суви, атроф-муҳит муҳофазаси, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ушбу ҳудудлардаги 33 ва 39-умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, билим масканларини навбатдаги ўқув йилига тайёрлаш, яъни жорий ва капитал таъмирлаш сингари аҳолини ташвишга солаётган муаммолар муҳокама этилди.
Дастлаб, шу ҳудуддан туман Кенгашининг депутати Абдужаббор Умаров сўзга чиқиб, туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш мақсадида далаларда қилинаётган ишлар, шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан чиқарилаётган қарор ва топшириқларнинг жойлардаги ижроси масалалари юзасидан маъруза қилди.
Сўнгра туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Рустам Ҳожиев ва жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси Даврон Нуралиевлар туман ҳудудида содир этилаётган жиноятчилик, майда безорилик, ҳуқуқбузарликлар, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирлари хусусида гапирдилар. "Тоза ҳудуд" унитар корхонаси раҳбари Равшан Хайруллаев тадбирда қатнашаётган учта маҳалла ҳудудида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хонадонлардан чиқарилаётган ахлатларни ўз вақтида махсус машиналар орқали йиғиб олиш ва чиқариб ташлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Бундан буён бу иш унитар корхонаси ва аҳоли ўртасида тузилган қонуний шартнома асосида бажарилишини маълум қилди. "Сувоқова" унитар корхонаси ҳудудий назоратчиси Муборак Хўжабоева ҳам аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида мазкур учта маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди.
Йиғилишда қурилиш қилиш баҳонасида жамоат ва хусусий автомашиналар қатнови гавжум бўлган кўчаларда айрим ҳовлиларнинг рўпарасига қум ва шағал тўкиб, қатновга халақит бераётганлиги хонадонлардан чиқарилаётган ахлатларнинг бир жойга тўпланмай, ҳар ерда сочилиб ётганлиги, тўй-ҳашамларни ҳамон дабдабали ўтказаётган ҳотамтой кишилар ҳақида гапирилди. Шунингдек, Кўлба маҳалласи ҳудудидаги 4 та, Андижони маҳалласи ҳудудидаги 8 та тоза ичимлик суви тармоқларидаги узилишлар, уларнинг баъзиларида ерости қувурлари эскирганлиги туфайли занг ва ифлос сувлар оқаётганлиги эътироф этилди.
Учрашув сўнггида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга тадбир иштирокчиларидан жўяли жавоблар олдилар. Туман кенгашининг депутати А.Умаров аҳолидан тушган ариза ва шикоятларни ўз дафтарига қайд этиб, ушбу муаммолар бирин-кетин ҳал этилажагини маълум қилди.
Х.ҲАМРОЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.