Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУАММОЛАР ҲАЛ БЎЛАДИ, АГАР...

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Президентимиз парламентга Мурожаатнома тақдим этди. Ҳеч шубҳасиз Мурожаатномада мамлакатимиз тараққиёти, айниқса, халқимиз фаровонлиги, турмуш шароитларини янада юксак босқичларга кўтариш ўз исботини топган ва айни дамдаги ишлар эса шунга яраша амалга ошириляпти. Сир эмас, кўп йиллардан буён туман аҳолисини электр қуввати билан таъминлаш муаммо бўлиб турганди. Тизим жамоаси ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида бир қанча ишларни бажардилар. Туман «Зарафшон» электр таъминоти идораси бошлиғи Асадулло Шукуров шундай шарҳлайди:

- Мен Зарафшон тизма тоғлари этагида жойлашган сўлим ва хушҳаво Оҳалик қишлоғида туғилиб вояга етдим. Биласизми, бизда момоқалдироқ шундай ваҳималики, еру осмон ларзага тушади. Мактабга боргач, 1750 йилда америкалик олим Б.Франклин мусбат ва манфий молекулалар тўқнашуви натижасида пайдо бўлишини ошкор этганини билиб олдим. Ундан самарали фойдаланишда машҳур физик олимлар Михаил Ломоносов, Томас Эдисон, Андре Ампер, Герц, Максвелл, Томсон, Попов ва бошқаларнинг хизматлари катта эканлигини ҳам ўқиш-изланиш жараёнида ўргандим. Шундан бу соҳага қизиқиб кетдим. Аҳолини электр энергияси билан таъминлашда нималарга эътибор қаратишни ўқиб, ўрганиб олдим.
Бугунги кунда биронта хонадон йўқки, электр симлари тортилмаган бўлса. Сиз, туманимиз фуқаросисиз, айтингчи бу йилги қишда электр таъминотида узилиш бўлдими?
- Бунинг учун Президентимизга миннатдорчилик билдириш керак. У киши томонидан чиқарилган фармон ва қарорлар туфайли тизимдаги муаммолар бартараф этилди. Президентимиз ҳар гал Самарқандга ташриф буюрсалар бошқа соҳалар билан бир қаторда электр таъминотини янада яхшилашга катта аҳамият берадилар. Масалан, туман ҳудудидаги «Афросиёб» ёрдамчи станциясини таъмирлаш ва кенгайтириш эвазига 20 минг киловат соат ўрнига икки марта кўп электр қуввати ишлаб чиқариладиган бўлди. «Найзатепа», «Шредер», «Сўлим» станцияларида ҳам таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари олиб борилди.
- Бундай хайрли ва савоб ишларни амалга оширишга кимлар муносиб улуш қўшдилар?
-Идорамизда ғайратли, масъулиятни ҳис этиб ишлайдиган ходим ва мутахассислар кўпчиликни ташкил қилади. «Оҳалик» минтақасида бригада бошлиғи Жамшид Солиев, «Дарғам» участкаси бошлиғи Акрам Ризаев, «Афросиёб» дан Ашраф Шарипов вақт билан ҳисоблашмай туну-кун, иссиқ-совуқ демасдан халққа хизмат қилаяптилар. Тажрибали мухандис Эркин Мардонов, бош ҳисобчи Шаҳзода Қаҳҳорова, молия масалалари бўйича ўринбосарим Улуғбек Ботиров менинг қанотим, таянчимдир. Меҳнат муҳофазаси бўйича техника хавфсизлиги муҳандиси Нормуқума Каримова яқинда вилоятда ўтказилган кўрик-танловда биринчи ўринни қўлга киритди. Умуман идорамизда фаолият кўрсатаётган 70 нафар хизматчи ходимларимиз ҳалол меҳнатлари билан эл ҳурматини қозониб келмоқдалар.
- Халқимизда ажойиб бир мақол бор: «Агар бандаи мўъминга худонинг назари тушмаса, ҳатто мол бозорига даллол ҳам бўлмас экан».
- Ушбу ҳикмат мазмунини тушундим. Мен Оҳалик қишлоғидаги 30-умумтаълим мактабида таҳсил олиб, физика фанига қизиқдим. Ана шу фанга бўлган муҳаббат боис Самарқанд давлат университетининг физика факультетига ўқишга кирдим. Меҳрибон устозларимдан кўп нарсаларни ўргандим. 2008 йил дорилфунунни битириб, тумандаги «Зарафшон» электр тармоқлари идорасида оддий хизматчи сифатида меҳнат фаолиятимни бошладим. Биринчи устозим оддий, камтарин, инсоний қадр-қийматини англайдиган раҳбарлардан экан. Бу эса биз шогирдларга янада ўзгача куч, ташаббус ва эҳтиром бахш этди. Устоздан кўп нарсани билиб олдим. Шунинг учун бўлса керак, тизимнинг вилоят ташкилотига ишга ўтдим. Нону насиба экан, ўтган йили қадрдон корхонамизга бошлиқ бўлиб келдим.
- Энди келгуси режаларингиз тўғрисида гапириб берсангиз?
- Бу йил ўз муддатини ўтаган 24 та ёрдамчи станция алмаштирилади. Қарийб 70 километрлик янги электр линиялари тортилади ва сифатли таъмирдан чиқарилади. Мақсад-халқимизга узлуксиз электр қуввати етказиб беришдир. Чунки туман ҳокими Ш.Жамолов халқ билан мулоқотда ҳамиша биз, электр ходимлари олдига катта вазифалар қўймоқда.
Гапни қисқа қиладиган бўлсам муаммолар ҳал бўлади, агарда виждон амри билан иш тутсак.

Суҳбатни
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди
Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар
Баҳодир ЗОҲИР олган суратлар.


Последнее редактирование: 18/05/2018 15:18;   Просмотров: 1123
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку