Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУАММО ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПСА

одамларда эртанги кунга ишонч ортади

Вилоят "Зарафшон" газетасида (шу йил 7-февраль, 16-сон) босилган таҳлилий-танқидий мақолада 2018 йил вазирликлар, идоралар, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларида туманимиздан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари 2017 йилга нисбатан 2,1 баробар кўпайгани таъкидлаб ўтилгани ажабланарли ҳол бўлиб туюлди менга.

Йил давомида жойларда 30 га яқин "Сайёр қабул"лар, халқ билан мулоқот ва учрашувлар, турли тарғибот ишлари, ҳокимлик, секторлар ҳудудида ва Халқ қабулхонасида ўтказилган қатор режали тадбирлар одамларни қийнаб келаётган жуда кўп муаммоли масалалар ечимига йўл очди. Лекин... Айрим ташкилот ва ижро идораларида мурожаатларни кўриб чиқиш тизимли ташкил этилмагани, қонунда белгиланган муддатларнинг бузилганлиги ва мақсадли ўрганишлар зарур даражада ўтказилмаганлиги, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик принципларига баъзи раҳбар ва етакчи мутахассисларнинг риоя этмай келаётганлиги оқибатида мана шундай салбий кўрсатгичлар юзага келмадимикан? Ахир ҳар ҳафта якунида Самарқанд телевидениеси орқали ўтказилаётган "Очиқ мулоқот" ёки газетамизда ёритилаётган "Сайёр қабул"лар тафсилоти бундан раҳбар ходимларни уйғотишга ожизлик қиляптими? Ваъдабозлик, масъулиятсизликдан қачон қутуламиз? Қачон одамларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланади?
Мурожаатдан қонуний ечимгача муддат ва масофада чегара йўқми? Кунлик ҳафталик, режа, таҳлил, ижодий ёндошув билан ишлаш даври келмадими?
Ўтган ҳафта шанба куни туман марказидан 35-40 км узоқликда жойлашган Ипакчи маҳалласи марказида навбатдаги "Сайёр қабул"да ҳоким бошчилигида 60 дан зиёд ташкилот ва муассаса раҳбарлари, ОАВ вакиллари ҳозир бўлишди.
Қабул 39 нафар фуқаро 50 дан зиёд талаб-истаклари, муаммоли масалаларига ижобий ечим топиш учун келишди. 12 нафар ипакчилик эркак-аёллар тиббий муассаса, болалар спорт майдончаси, мактабда рус тилига ихтисослашган синф очиш, табиий газ истеъмоли учун тўлов, эски симёғочларни янгилаш, ичимлик суви, трансформатор, қабристон ва канал ҳолати, стадион ва спортзал, моддий ёрдам, тўй-маърака ва байрам тадбирлари учун маскан, автобус қатнови билан боғлиқ талабларни билдиришди. Жумладан, Кекса аёл Наталя Павловна уй-жойи таъмирталаб бўлиб қолганини баён этгач, масала жойида ҳал бўлди. Бир ҳафта ичида таъмирлаб беришни саховатпеша бир тадбиркор йигит ўз зиммасига олди. Туманнинг бошқа ҳудудларидан келган кишилар ҳам уй-жой, тадбиркорлик, кадастр хизмати, оилавий низолар, деҳқон хўжалиги ташкил этиш, иссиқхона, хусусий МТМ қуриш каби масалаларини ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди.
Барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, ижрога йўналтирилди.
Шу куни ҳоким Ш.Жамолов маҳалладаги 13-мактаб ва учта хонадонга ташриф буюриб иқтидорли ўқувчиларга китоблар, шароити оғир оилаларга совға-саломлар тақдим этди.

Н.КАРИМОВ


Дата добавления: 15/02/2019 14:46;   Просмотров: 792
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку