Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУҚАДДАС ДАРГОҲНИ БУЗМАНГ

Оила -жамият таянчи. Жамият тараққиёти оилалардаги соғлом муҳитга боғлиқ. Фарзанд тарбияси борасида ота-онанинг масъулиятини оширишда, қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрни муҳим. Шу боис, юртимизда оиланинг мустаҳкам бўлишига, унинг тарбиявий имкониятини оширишга катта аҳамият берилмоқда. Шунга қарамай, оилавий келишмовчиликлар, низолар ва турли сабаблар туфайли келиб чиқаётган ажримлар унинг оқибатида вояга етаётган фарзандларнинг тирик етимга айланиб қолаётганлиги ҳамон долзарб мавзу бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра 2019 йилнинг ўтган 7 ойи давомида никоҳни бекор қилиш ҳолати бўйича 192 та ариза қабул қилинган бўлиб, шундан 8таси ФҳДЁ бўлимида рўйхатга олинган. 30 ёшгача ажрашганлар сони эса 56 кишини ташкил этади. Ажримларнинг сабабларига эътибор қаратадиган бўлсак, 64 та оила ўзаро келишмовчиликлар натижасида, 13 таси никоҳдан кейин узоқ муддат чет элда бўлиш, 15 таси фарзандсизлик оқибатида, 6таси эса ичкилик ва гиёҳвандлик туфайли қайд этилган. Ажримлар ўртасидаги фарзандлар сони 151 нафарни ташкил этмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оиладаги келишмовчилик, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, қолганлари рўзғордаги муаммолар, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиққан. Келишмовчилик ва оилавий жанжаллар эса жамиятга ҳамда оилага ҳам иқтисодий, ҳам маънавий зарар келтириши табиийлигини унутмаслик керак. Шу ўринда айтиш жоизки, оилавий келишмовчиликларнинг ажрим ҳолатлари сабаб бўлаётганлиги оилавий муҳитнинг вояга етаётган фарзандлар маънавий тарбиясига салбий таъсири жамиятнинг оғриқли нуқтасига айланган десак муболаға бўлмас. Энг ачинарлиси, ажрашиб кетаётган оилаларни сақлаб қолиш, эр-хотинни яраштириш масаласида оила катталарининг роли анча суст, ҳатто, айрим ҳолатларда бир оиланинг парчаланишига айнан катталарнинг ўзлари хайрихоҳлик билдириб, шуни маъқул кўришади.
Хулоса қилиб айтганда, оила юрт ва миллат тақдирига дахлдор масала. Шундай экан, оилани мустаҳкам қўрғонга айлантириш, Ватан, халқ миллат орзу-умиди ва мақсадларини, келажагини асрашга ҳар биримиз масъулмиз. Энг юксак мақсадлар моҳиятида ана шу эзгу ният мужассам. Президентимиз таъкидлаганидек " ...Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди." Никоҳни қайд этиш ва уни бекор қилиш ҳолатларини ўрганиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишларини янада кучайтириш, аҳолининг кенг қатламлари ичида кўпроқ давра суҳбатларини ташкил этиш керак. Диний идоралар ва маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари билан биргаликда шаръий никоҳларнинг олдини олиш учун суҳбатлар ташкил этиш оилавий ажримларнинг ошиб кетиши олдини олишда асқотади. Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, қадрият ва урф-одатларимизни келажак авлодга етказадиган муқаддас маскандир. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади.

Ш.Садуллаева,
туман ФХДЁ бўлими мудираси


Дата добавления: 06/09/2019 15:03;   Просмотров: 785
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку