Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"МУҲАББАТ МАҲЗАНИ" – ЧИН МАЪНАВИЙ ХАЗИНА

Яқинда мамлакатимизда Абдураҳмон Жомий асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, "Муҳаббат маҳзани" китоби чоп этилди. Бу каби қимматли асарнинг нашри ўзбек ва тожик халқлари орасидаги дўстлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга, ўзаро биродарлик ришталарини янада кучайтиришга хизмат қилиши аниқ.

Муқова ва саҳифалари мумтоз услубдаги чизма нақшлар билан безатилган ушбу китоб қўлга олинган замон, уни тайёрлаш ўзига хос табаррук иш бўлгани ва унинг ортида таржимонлар, олимларнинг заҳматли меҳнати ётганини бир қарашдаёқ сезиш қийин эмас. Умуман, мазкур асарнинг нашр қилиниши нафақат адабиёт, балки сиёсий, маънавий, ижтимоий ҳаётда ҳам муҳим ҳодиса бўлди, дейиш мумкин.
Аввало, Абдураҳмон Жомий асарларининг ўзбек тилига ўгирилиб, бир китобга жамланиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилгани, жорий йил март ойида Юртбошимизнинг Тожикистон Республикасига расмий сафари чоғида қўшни давлат раҳбари Имомали Раҳмонга мазкур китобни совға қилгани қардош ва биродар тожик халқига чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлганини таъкидлаш керак. Китобга сўзбоши ёзган Президентимиз: "Албатта, икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш адабий алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини биз яхши англаймиз. Адабий дўстлик – абадий дўстликнинг энг ёрқин намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз", дея қайд этди.
Яна бир эътирофга молик ҳақиқат шуки, бизнинг урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимиз, дину диёнатимиз, кундалик ҳаёт тарзимиз шу қадар яқин ва уйғунки, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда - анда тутиниб, кўз-қошдек яқин қўшничиликда яшаб келаётган халқларимизнинг мустаҳкам дўстлик ришталари ҳақида сўз борганда, икки муаззам сиймо – Шарқ адабиётининг забардаст вакиллари Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Ҳазрат Алишер Навоийнинг самимий биродарлик муносабатлари ёдга тушади. Бу улуғ мутафаккирларнинг бир-бирига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ва самарали ижодий ҳамкорлиги асрлар давомида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг, адабий алоқаларимизнинг тимсоли сифатида зиёлиларимиз учун ибрат намунаси бўлиб келди.
Ўлмас сўз санъаткори, шоир ва мутафаккир мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ижод боғидан дасталанган сайланмада ул зотнинг орифона ва ошиқона ғазаллари, таржибанд, мурабба, қитъа ва рубоийлари, "Юсуф ва Зулайҳо", "Искандар хирадномаси" достонлари, "Силсилат-уз-заҳаб" достонидан боблар, "Баҳористон" асари, тасаввуфий руҳдаги "Найнома" назмий рисоласи ҳамда Ҳазрат Алишер Навоийга ёзган мактубларидан намуналар жой олган бўлиб, уларнинг таржимаси Жомийнинг Қамчибек Кенжа, Шоислом Шомаҳмудов, Эргаш Очил каби моҳир мутаржимлар томонидан амалга оширилган.

Хуршид Нуруллаев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир


Дата добавления: 31/08/2018 14:46;   Просмотров: 999
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку