Саволларга вилоят давлат солиқ бошқармаси Ахборот, жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий тарғибот бўлими мутахассиси Даврон РАВШАНОВ жавоб берди.
Дастлабки саволимиз маҳаллий солиқларни тўлаш бўйича фуқароларнинг мажбурияти қайси ҳуқуқий ҳужжат билан белгилаб қўйилган? Маҳаллий йиғимлар нимага сарафланади?
Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбур” лиги белгилаб қўйилган.
Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уй-жой-коммунал хўжалик объектларини таъмирлаш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, шу билан бирга аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга сарфланади.
Мол-мулк ва ер солиқлари қандай ҳисобланади, бу турдаги солиқларни кимлар тўлаши керак?
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272- ва 287-моддаларига асосан эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ва ер участкалари бўлган жисмоний шахслар ҳамда деҳқон хўжаликлари жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари тўловчилари ҳисобланади.
Солиқ тўловчиларга тегишли кўчмас мулк – уй-жой, квартира, дала ҳовли тартибда ажратилган ер участкалари солиқ объекти ҳисобланади. Уларга оид солиқларни ҳисоблаш ва тўлов хабарномаларини солиқ тўловчиларга тақдим этиш, тўланганлигини назорат қилиш давлат солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳар йили қабул қилинадиган давлат бюджети параметрлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари белгиланади.
Жорий йил маҳаллий солиқлар бўйича қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритилди?
Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 27 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-417-сонли (кейинги ўринларда – қонун) қонуни билан айрим қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, жисмоний шахслар учун белгиланган солиқлар бўйича ҳам бир қатор ўзгаришлар киритилди. Жумладан, Солиқ кодексининг 59- ва 61-моддаларига киритилган ўзгартиришларга асосан, солиқ қарзи тўлов муддати ўтган пайтдан бир йил мобайнида ундирилмаган бўлса, солиқ қарзи бўйича ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундириш чоралари қўлланилиши белгилаб қўйилди.
Мол-мулк ва ер солиғининг жорий йилги ставкалари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарорининг 19-иловасига асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз (2016 йилда 1,5 фоиз бўлган) миқдорида белгиланди.2017 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиздан 2,1 фоизгача, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 дан 2,9 фоизга оширилди. Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари – 2,1 фоиз (2016 йилда 1,8 фоиз) миқдорида белгиланди. Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан, лекин 3 млн.сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади. Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 миллион 328 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса 8 миллион 833 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравар миқдорида ундирилади.
Мол-мулк ва ер солиғидан кимларга имтиёзлар берилган?
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига кўра, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларнинг мол-мулки ва ер участкалари солиқ солишдан озод этилади.Бунда имтиёзлар мулкдорнинг танлашига биноан фақат бир мол-мулк объектига ва битта ер участкасига тааллуқли бўлади. Имтиёзлар якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга берилади. Имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.Имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар мол-мулк ва ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ушбу имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этади. Ушбу ҳужжатларга уруш ногиронининг тегишли гувоҳномаси ва мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси киради. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда ер солиғини ҳисоблаб чиқариш давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади. Календар йил мобайнида имтиёз ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ вужудга келган ойдан эътиборан амалга оширилади.Ер солиғи ва мол-мулк солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади. Йил мобайнида имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келганида давлат солиқ хизмати органлари мазкур ўзгаришлардан кейин бир ой ичида ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилишлари ҳамда солиқ тўловчига ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этишлари керак. Ер солиғи ва мол-мулк солиғи ер участкаси ва мол-мулкнинг мулкдори яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солинадиган объект жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига тўланади.
Ушбу солиқ тўловларини замонавий тўловлар орқали ҳам амалга оширилиши мумкинми?
Албатта, ҳисобланган солиқларни исталган банк бўлимлари орқали ёки CLICK, MBANK, U-PAY каби замонавий тўлов воситалари ёрдамида ҳам тўлаш мумкин.
Ўз мухбиримиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.