Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МИССИОНЕРЛИК ЖАЗОЛАНДИ

Миссионерлик - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш, эканлигини кўпчилик билади.

Ўзбекистонда диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик, тотувлик ва дахлсизликни таъминлаш мақсадида прозелитизм (бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қатилган хатти-ҳаракатлар) ва ҳар қандай миссионерлик фаолияти қонунан ман этилган. Шундай бўлса-да, бугунги глобаллашув замонида инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати баъзан кўзга ташланиб қолади. Ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида намоён бўлаётган бундай фаолиятни ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб муаммосидан бири бўлиб қолмоқда.

1956 йилда туғилган Гулсара Ҳасанова ва унинг қизи 1977 йилда туғилган Замира Ифановалар одамлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқоддан юз ўгиришга олиб келадиган ғояларни тарқатиш билан шуғулланишган.

Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлиги қонунан кафолатланган. Ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиши мумкин. Лекин диний қарашларни одамларга мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Гулсара Ҳасанова ва унинг қизи Замира Ифановалар "кўчада танишиб қолган" Шаҳноза Қўзиевани йўқлаш ниятида, унинг уйига "меҳмон" бўлиб келишади. Ўзаро суҳбат чоғида гап динга бориб тақалади ва уй эгаси она ва қиз унинг эътиқодига таъсир ўтказилаётганини сезиб қолади. Меҳмонларнинг ташвиқотида миссионерлик ғояси ётганини тушуниб етган хонадон соҳибаси бу ҳақда ўзи яшаб турган ҳудуддаги ички ишлар бўлимига хабар беради.

Милиция ходимларини кўрган "меҳмонлар" ўзларига қўйилган айбни рад этишган бўлишса-да, уларга тегишли бўлган "Samsung" русумли уяли телефон аппаратида бўлган ёзувлар жиноятни фош этди. Чунки телефон хотираси текширилганда, унда 114 дона "Иегова шоҳидлари" таълимотига оид диний китобнинг электрон шакли борлиги маълум бўлди.

Мусулмон учун нима керак ва муҳим ҳамда нима жоиз ва керак эмаслигини унутган бу икки аёл "Ватан", "миллат", "имон-эътиқод" каби муқаддас тушунчалардан юз ўгиришдан ташқари, бошқаларни ҳам ўзга динга оғдиришга уринишган. Албатта улар қонуний жазо олишди. Лекин уларнинг қилган қабиҳ иши фуқароларимизни ҳамиша хушёр бўлишга, лоқайдликка берилмасликка огоҳ этиши керак. Чунки бизнинг ўз динимиз бор. Республикамизинг биринчи Президенти таъкидлаганидек: "Ислом-бу аждодларимиз, ота-боболаримиз дини. Уни ташқи таъсир, бузғунчи унсурлардан тозалаш муқаддас бурч саналади." Буни ҳар биримиз эсда сақлайлик.


Дата добавления: 17/03/2017 16:08;   Просмотров: 1474
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку