Бу ғоя, бу мақсад-муддао туман ҳокимлигининг ўтган ҳафта якшанба куни айнан ана шу тоғ ёнбағридаги маҳаллада ўтказилган сайёр қабулининг бош мезони бўлди. Дарҳақиқат юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган янги тизим- "Обод қишлоқ" дастури қишлоқларда, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳоли ҳаётида чин маънода янги саҳифа очди. Бундай бунёдкорлик ишлари қишлоқларга замонавий қиёфа бағишлаб, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда.
Миронқул туман марказидан 15-16 км узоқликда жойлашган бўлиб, бугунги кунда аҳолиси 3045 нафар (531 хонадон – 876 оила)ни ташкил этади. Шундан 1541 нафари аёллар, 30 ёшгача бўлганлари эса 1325 тадир.
Боқувчисини йўқотган оила – 15та, ногиронлар 18, якка-ёлғиз кексалар – 1, пенсионерлар – 410, тадбиркорлик субъектлари – 309, мактаб ўқувчилари -256, коллеж талабалари – 142, лицей ўқувчилари – 4, олий ўқув юртида ўқийдиганлар – 4 киши.
Миронқулликлар орасида 901 нафари иш билан таъминланган бўлсада, коллеж битирувчиларидан 12 нафар, меҳнатга лаёқатли эркак-аёллардан 13 нафар фуқаро ишсиз қолмоқда. Кутубхона, маиший хизмат ва сервис мажмўи, дорихона, ҳаммом, спорт майдони, интернет клуби, шифохона каби ҳаётий зарур масканлар йўқ. Йиллар давомида бу соҳалар эътибордан четда қолаверган. Жамоат транспортидан «ДАМАС» қатнамоқда.
Маълумотлардан кўриниб турибдики, бу маҳаллада муаммолар етарлича. Уларни ечиш, бартараф этиш эса давлат идоралари ва маҳалла халқининг қатъий азм-иродаси, ғайрат-матонатига боғлиқ. "Эрлари мард элда алам бўлмагай" дейди шоир. Аҳиллик, шижоат, шукроналик, иштиёқ, фидойилик бор жойда ҳаёт ҳам гуллайди, орзу-истаклар амалга ошади. Бу диёрдан ҳалол меҳнатлари билан эл-юртнинг иззат эҳтироми, фахр-ифтихорига эришган фидойи, ёши улуғ нуронийлар Шофиддин Расулов, Маҳбуба Турсунова, Ўроқбой Зиёев, Саноат Холиқова, раҳбар ва тадбиркорлар Сайфиддин Салоҳиддинов, Беҳрўз Салоҳиддинов, маданият ва санъат намояндалари Маъруфжон Бозоров, Акбар Жалилов, таълим ва тиббиёт ходимлари Акбар Олимов, Мамлакат Холиқова, Ҳамроқул ва Нарзиқул Эргашевлар, шижоатли ёшлар вакиллари Б.Дўстбоев, Ш.Хуррамов, Б.Сатторов, М.Раҳмонов, Н.Ҳайдаров, М. Раҳимов ва бошқаларни тилга олиш мумкин.
Маҳалланинг бугуни ва яқин истиқболи ҳам мана шундай жонкуяр, хайрихоҳ, юртпарвар кишилар билан белгаланади.
Таъкидлаш жойизки, ушбу тадбирда ўз муаммо ва таклиф-талаблари билан қатнашган жами 25 нафар фуқародан 14 таси шу маҳалла фарзандларидир. Уларнинг барча арз-додлари диққат билан эшитилиб, тегишли тартибда назоратга олинди, қонуний ижрога йўналтирилди. Жумладан, М.Шерованинг оилавий шароити оғирлиги, ўғлининг никоҳ тўйини ўтказишга қурби етмаслиги инобатга олиниб, бўлажак тўйга туман ҳокимлиги бош-қош бўладиган бўлди. Р.Раҳмоновага кўмир, Р.Матлабовага паспорт ва рўйхатга олиш, Х.Аҳадованинг фарзандини ўқитиш ва даволатиш, Ш.Сатторовага юролмайдиган неварасининг ногиронлик гуруҳини аниқлаш ва нафақа белгилаш, З.Сафаровага ногиронлик аравачаси ажратиш, Ф.Исаевга минифутбол ўйингоҳи бунёд этиш масаласи билан боғлиқ мурожаатлари ўз ечимини топди.
Маҳалла аҳлини изтиробга солган яна бир жиддий муаммо-ичимлик сувидир. Марказий йўл ҳам таъмирталаб, эски симёғочлар қаттиқ шамолларда хавф туғдирмоқда, ўқувчи- ёшлар шаҳардаги коллеж ва литцейларга бориб келиши учун кунига ўртача 10 минг сўм сарфлашга мажбурдирлар.
Маҳалладаги ижтимоий-диний, маънавий-ахлоқий муҳит, экологик вазият, миллий қадриятларни асраш, ҳимоялаш, нохуш ҳолатлар олдини олишда зиёлилар, кекса авлод вакилларининг таъсирчан сайъ-ҳаракатлари сезилмаётганлигидан афсусландик.
Катта кўчанинг икки ён-атрофида жойлашган айрим ҳовлилар, уйларнинг ташқи кўринишидан ҳафсалангиз пир бўлади.
Ахир экотуризм объекти бўлиши кутилаётган бу маҳалла янги қиёфа касб этса, обод этилса, чиройига чирой қўшилса, энг аввало, шу ерлик одамларга олқишлар, таҳсину ташаккурлар ёғилади, келаётган чет эллик сайёҳлар, шаҳарликларга олам-олам таассурот бағишлайди. Мафтункор ҳусн-латофат, ажойиб урф-одатлар, хонадонларнинг ибратли турмуш тарзи, тоғ-тепалик манзаралари, бунёдкорлик шукуҳи фотолавҳа, ранг-тасвирлар, эсдаликлардан жой олади, узоқ-узоқ ўлкаларга кўчади.
Истардимки, Миронқул ва миронқулликлар бу сайёр қабул, ҳокимнинг бу ташрифидан сўнг янгича яшаш, янгиланиш сари қадам ташлашади. Бу отамерос маскан ҳам дунёга машҳур азиз Самарқандимизнинг гўзал гўшасига айланади. Ўтган кейинги ўн кун ичида ана шундай таҳлилий-танқидий хулосаларга бой сайёр тадбирлар иккинчи марта Қорасув ва Юқори оҳалик қишлоқларида ҳам ўтказилди. Очиқ мулоқот жараёнида жами 45 та муаммоли масалалар эшитилиб, деярли 70 фоизи ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.