Пахта хомашёси давлатимиз миллий бойлиги, енгил саноатимиз учун бебаҳо хазина. Шундай экан, бу йилги йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга барҳам бериш масаласи давлат даражасида кўриб чиқилиб, бу борада қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жорий мавсумда ҳосилни кимлар йиғиб- териб олаётгани, пахта далаларида аҳвол қандайлиги, ҳашарчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида ижодий гуруҳимиз Пастдарғом туманининг Гўзалкент ҳудудида бўлиб, теримчилар билан учрашди.
- Самарқанд туманидан келган ҳашарчиларга минг раҳмат, уларнинг ҳалол меҳнатлари туфайли "оқ олтин" хирмонимиз кун сайин бўй чўзмоқда. 37 гектар майдондан 94 тонна пахта топшириш масъулияти зиммамизда. Ҳозиргача 70 тоннадан зиёд сифатли маҳсулот топширилди. Режани ортиғи билан бажариш учун ғайрат қилмоқдамиз, - деди "Ғаллакор-пахтакор-чорвадор" фермер хўжалиги раиси Мирзаёр Худойқулов.
Ёрдамчиларимизга зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. "Агромир" корхонаси томонидан узоқни яқин қилиш учун автобус ажратилган. Кунига 2-2,5 тонна пахта териб топширилмоқда. Ҳар икки кунда терилган ҳосил учун нақд пул тўланаяпти. Маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, илғорларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Мен бошқараётган кўнгилли отряд аъзолари кунлик терим сифати ва самарадорлигини таъминлашда бошқаларга намуна бўлишяпти, - дейди туман давлат архиви директори Маъмуржон Қодиров. Терилган ҳосил пулини вақтида тўлаш, илғорларни рағбатлантириш, меҳнат ва яшаш шароитларида муаммо йўқ.
Фаол ҳашарчилардан Тоҳир Латифов, Тошпўлат Умаров, Сирожиддин Хўжабоев, Маъруф Мўминов, Шаҳрамбек Мавлонқулов, Ҳалима Алимова ва бошқалар ўртача 25-35 кг пахта теришмоқда.
Пахта штабидан олинган маълумотга кўра, юртимиз хирмонига 9 кун давомида (17-26 октябрь) жами 193500 кг "оқ олтин" қўшилган. Ҳар куни қарийб 1,5 минг нафар тумандошларимиз умумхалқ ҳашарда қатнашмоқда. Якшанба кунлари эса 250-300 нафар фуқаро ихтиёрий-ташкилий равишда бу эзгу ҳаракатга қўшилмоқда.
МеҲрангиз
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.