Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЕЪЁРНИНГ ФОЙДАСИ КАТТАДИР

Халқимизда "умрингни ярмига ёруғлик сотиб ол" деган нақл бор. Бугунги кунда ҳаётимизни электр таъминотисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, модомики шундай экан, куз-қиш мавсумига тумандаги "Зарафшон" электр таъминоти корхонаси қандай тайёргарлик кўрди? Биз ана шу савол билан мазкур ташкилот бош муҳандиси Фаррух Акрамовга мурожаат қилдик.

- Туман ҳудудида 38 минг 870 нафар юридик истеъмолчиларимиз бор, - деди Фаррух Раҳимович, - уларга беминнат хизмат кўрсатиш учун 65 нафар ходим ва 5 та махсус автомашина сафарбар этилган. Бизнинг тасарруфимизда 462 та трансформатор бўлиб, улар орқали туман ҳудудига 560 километр 6-10 квт ҳаво линияси ва 449,5 километр 0,4 квт ҳаво линияси тортилган. Бугунга қадар улардан 74,3 километри сифатли таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, Ўрта Оҳалик, Гулбоғ, Андижони, Шўрбоича, Равонак, Талибарзу, Қозиқўрғон, Пулимуғоб ва бошқа маҳаллаларда трансформаторлар янгиланиб, қиш мавсумида электр симларининг қисқа туташуви натижасида узилишига йўл қўймаслик учун ҳаво линияларига яқин бўлган дарахт шохларидан тозаланди.
- Жуда яхши, лекин гоҳ-гоҳ электр таъминотида узилиш ҳолатлари бўлаяпти-ку?!
- Эътирозингиз тўғри. Бироқ қаттиқ шамол, тинимсиз ёмғир бўлиши натижасида бундай кўнгилсиз ҳолат қайд этилмоқда. Яна бир гап. Ҳар йили ўнлаб янги ҳовли-жой, корхона-ташкилотлар вужудга келмоқда. Уларга ҳам электр қуввати лозим. Биз айрим пайтларда 2-3 соатга график асосида узилиш қилишга мажбурмиз. Ҳар нарса танқис бўлса, қадрига етамиз.
- Электр қувватидан фойдаланиш ҳаққини тўлаш қандай бўлмоқда?
- Бу масала билан мажбурий ижро бўлими идораси шуғулланмоқда. Минг афсуски, ҳали ҳам орамизда айрим нопок, юлғич кимсалар бор. Улар турли йўллар билан электр қувватини ўғирлашга ҳаракат қилмоқдалар. Лекин унутмаслик керакки, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади, деган доно ҳикмат бор. Ўз фойдаси, жиғилдони, қорни учун яшайдиган охири шарманда бўлади.
- Фаррух Раҳимович, сизнинг маслаҳатингиз?
- Электр қувватидан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш ҳам давлатга, ҳам чўнтакка фойдадир. Хуллас, ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 10/12/2018 11:51;   Просмотров: 947
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку